Марказий Осиё сув фалокати остонасида: музликлар шиддат билан эрияпти
Бу қизиқ
−
30 Март 10642 2 дақиқа
Музликлар эришининг тезлашиши Марказий Осиё мамлакатларида жиддий сув танқислигига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) “2025 йилдаги глобал иқлим ҳолати” йиллик ҳисоботида сўз боради.
ЖМТ маълумотларига кўра, 2024/2025 гидрологик йили кузатувлар тарихидаги музликлар учун энг ҳалокатли йиллардан бири бўлди. Музликлар массасининг йўқотилиши 1950 йилдан бери қайд этилган бешта энг ёмон кўрсаткич қаторига кирди, хусусан, аксарият рекорд даражадаги салбий қийматлар 2016 йилдан кейин қайд этилган.
Бу жараёнлар, айниқса Марказий Осиё учун катта хавф туғдирмоқда. Помир, Тян-Шань ва Ҳиндуқуш музликлари минтақанинг энг йирик дарёлари – Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва Панжни сув билан таъминлайди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва экотизимлари айнан шу дарёларга боғлиқ.
Экспертларнинг таъкидлашича, қисқа муддатли истиқболда тезлашган эриш сув оқимини кўпайтиради, бироқ келажакда бу дарёлар сатҳининг, айниқса қурғоқчил даврларда барқарор пасайишига олиб келади. Гидрологлар бу босқични “сув чўққиси” деб аташади, ундан кейин эса узоқ муддатли танқислик бошланади.
Дарёларнинг юқори оқимида йирик гидроэнергетика объектлари қурилиши вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Хусусан, Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши давом этмоқда, Қирғизистонда эса Қамбарота-1 ГЭСи режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар табиий оқим режимини ўзгартиради ва дарё экотизимларига қўшимча босим ўтказади.
Мутахассислар иқлим ўзгариши ва дарёларни тартибга солишнинг бирлашиши дельталар ва қайир ҳудудлари, жумладан, Оролбўйи минтақаси аҳволининг ёмонлашишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.
ЖМТ музликларнинг тез суръатлар билан қисқариши сув ресурсларини бошқариш ёндашувларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишини таъкидлайди, чунки сув минтақадаги барқарор ривожланиш ва давлатлараро муносабатларнинг асосий омили бўлиб қолмоқда.
Live
Барчаси