Мексикадаги тартибсизликлар фонида қамоқхоналардан маҳбуслар қочиб кетди

Олам

image

Бугун, 24 февраль куни Мексиканинг Халиско штатида жойлашган қамоқхоналардан бирида юзага келган қуролли ҳужум ва тартибсизликлар оқибатида 23 нафар маҳбус қочиб кетди. Бу ҳақда “Daily Express” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса “Халиско янги авлод” картели етакчиси сифатида танилган наркобарон “Эль Менчо”нинг ўлдирилганидан кейин содир бўлган.

Штат жамоат хавфсизлиги котибининг маълум қилишича, маҳбусларнинг шериклари қамоқхона ҳудудига ташқаридан ҳужум уюштирган. Улар аввал муассаса биносини ўққа тутган, сўнг автомобиль ёрдамида асосий дарвозани бузиб кирган. Натижада қамоқхона ҳудудида қуролли тўқнашув бошланган.

Отишма чоғида қамоқхона қўриқчиларидан бири ҳалок бўлган. Расмийлар ҳодиса юзасидан кенг кўламли қидирув амалиёти бошланганини, қочган маҳбусларни қўлга олиш учун хавфсизлик кучлари сафарбар этилганини билдирган.

“Эль Менчо”нинг ўлими ортидан Халиско штатида ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида вазият кескинлигича қолмоқда. Мексика ҳукумати тартибсизликлар фонида Халискога қўшимча равишда 2 минг нафар ҳарбий хизматчи юборганини маълум қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида юзага келган қуролли тўқнашувлар натижасида қарийб 60 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 30 нафари жиноий гуруҳ аъзолари экани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексикадаги энг йирик наркокартеллардан бири, “Эль Менчо” номи билан танилган Немесио Осегера Сервантеснинг ўлдирилиши ортидан мамлакатда улкан тартибсизликлар бошланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мексика маҳбус жиноий гуруҳ “Эль Менчо” Халиско штати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг