Миллий гвардия ходимларига янги ваколатлар берилди

Жамият

image

Миллий гвардия ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлар берилди. Бу кеча, 6 февраль куни қабул қилинган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунда белгиланган.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Миллий гвардиянинг Болалар билан ишлаш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланганди.  

Қонун Миллий гвардия ва ИИВ ваколатларига доир Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248 ҳамда 248-1-моддаларига ўзгартириш киритилишини назарда тутади. Хусусан, Миллий гвардия органлари, шу жумладан унинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 моддаси бўйича маъмурий ишларни кўриш ваколати берилиши назарда тутилган:

  • Болаларни тарбиялаш ва таълим бериш борасида мажбуриятларини бажармаслик (47-модда);
  • Жамоат жойларида сигарет чекиш (56-1-модда)
  • Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш (187-модда 1-қисми);
  • Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш (188-модда) назарда тутилган маъмурий ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколати.

Шунингдек, бу ваколатлар ИИВнинг вояга етмаганлар бўйича инспектор-психологларнинг ваколатларидан чиқариб ташланиши назарда тутилган. Сенаторларга кўра, қонун Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ келади ҳамда бюджетдан қўшимча харажатлар талаб қилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий гвардия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги ваколат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг