Мирзиёев Қатар Бош вазири билан трансафғон темирйўли лойиҳасини муҳокама қилди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель куни Қатар Давлати Бош вазири, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қатар делегацияси “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турибди.

Бош вазир Муҳаммад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро  савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини мамнуният билан қайд этди.
Қайд этилишича, Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон 2021 йил февраль ойида Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар темирйўли қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлиб, Европа давлатлари, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлайдиган янги транспорт йўлагининг юк ўтказиш салоҳияти 20 миллион тоннага баҳоланмоқда. Дизайн ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. 2022 йилнинг 21 июль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказиё Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида унинг мамлакати ҳам Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи трансафғон темир йўли лойиҳасига қўшилишга тайёр эканинги билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг миллий темирйўл бошқармаси бошлиғи мулла Бахт ул Раҳмон Шарофат бошчилигидаги делегацияси Трансафғон лойиҳаси йиғилишида иштирок этиш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкентга келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қатар Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made