Мирзиёев Наманганда Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида ўтаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида ушбу нуфузли халқаро молиявий ташкилот раҳбари форум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаб, ИТБ Ўзбекистонда камбағалликни янада қисқартириш борасидаги вазифаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Кейинги йилларда ИТБ билан шериклик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган. Қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошиб, бугунги кунда транспорт, инфратузилма, уй-жой қурилиши, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим каби устувор соҳаларни қамраб олган. Шу билан бирга, инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи хусусий секторга тўғри келади.

Давлат раҳбари ИТБ билан лойиҳалар портфелини икки баробар кўпайтириш, инфратузилма, ижтимоий соҳа ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини оширишни назарда тутадиган узоқ муддатли Стратегик шериклик дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Хусусий бизнес салоҳиятини рўёбга чиқариш, мамлакат ҳудудларида замонавий тиббиёт марказларини барпо этиш, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, ирригация каналларини тиклаш ва бетонлаш ҳамда бошқа йўналишларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наманган Ислом тараққиёт банки Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг