Мирзиёев Ўрта коридорни “Хитой – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлашни таклиф қилди
Жамият
−
15 Май 1502 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўрта коридорни “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлашни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 15 май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида сўз очди.
Ўзбекистон етакчисига кўра, транспорт боғлиқлигини яхшилаш учун рақамли логистика платформаларини яратиш ва интеграция қилиш долзарб аҳамиятга эга.
“Шу ўринда Ўзбекистон ва ташкилотга аъзо барча давлатлар ўртасида “E-Permit” электрон рухсатномалар тизими тўлиқ ишга туширилганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман. Ўрта коридорнинг стратегик ролидан келиб чиқиб, биз уни айни пайтда қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлашга катта эътибор қаратамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисига кўра, чегараларда божхона ва транзит тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича имзоланган Соддалаштирилган божхона йўлаги ҳақидаги битимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда маълумотлар алмашувини тўлиқ рақамлаштириш зарур.
“Бу логистика занжирлари бўйлаб маълумотлар узатиш, юкларни кузатиш ва жараёнларни уйғун ҳолда ташкил этиш имконини беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс тузишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси