Мусулмонлар идораси Суриядаги ўзбекистонликларнинг сони ҳақидаги маълумотларни билмаслигини билдирди
Жамият 11 Июнь 14:53 2500
image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғи билан жорий йилнинг май ойида Сурияда ИШИД гирдобига тушиб қолган 156 нафар ўзбекистонликлар Ватанга қайтарилди.

Ҳеч шубҳасиз, бу иш билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган тарихий воқеа экани ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўплаб ижобий фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги MY5 телеканалида 4 июнь куни эфирга узатилган кўрсатувда берилган лавҳаларга асосланган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг юқоридаги жараён билан боғлиқ фикрлари тарқатилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлар идораси мазкур ҳолатга муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:

“Қайд этилган кўрсатувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирида қилган маърузаларидан парча келтирилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу маърузада Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари ташкилотига мансуб мамлакатлар ва уларга туташ ҳудудлардан мутаассиб шахсларнинг таъсири остида Сурияга бориб қолган шахслар, уларнинг оила-аъзолари ва яқинлари ҳақида умумий маълумот берилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги кунда Сурия ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

Шунингдек, юқоридаги маърузада муфтий ҳазратлари томонидан Суриядан яқинларининг қистови, зўравонлиги ёки алдови билан бориб қолган тоифага мансуб фуқароларни қайтариш бўйича ҳаракат қилинади, деган мазмунда фикр айтилган”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3.2