Набижон Қосимов билан суҳбат: У немисларнинг тартибли ҳаётига қанчалик мослашган?
Интервью 16 Май 14:07 4703

Жорий йилнинг 27-29 май кунлари Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик. 

Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида бир қатор ОАВ вакиллари ва илмий-тадқиқат институтлари вакиллари Германияда бўлиб қайтди. QALAMPIR.UZ мухбири Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонасида бўлиб, элчи Набижон Қосимов билан суҳбатлашди. Ушбу суҳбатнинг видеосини юқоридаги видеоплеерда, YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда томоша қилишингиз мумкин. 

Қуйида эса ушбу суҳбатнинг матнини тақдим этамиз. 

– Ҳурматли элчи жаноблари, вақт ажратганингиз учун миннатдормиз. Ўзбекистон-Германия муносабатлари бугунги кунда қандай кечмоқда?
– Биласизми, охирги 18 йил ичида бу йил илк бор юқори даражадаги ташриф амалга оширилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев январь ойида Германиянинг Берлин, Мюнхен ва Дюссельдорф шаҳарларига ташриф буюрдилар. Бу ташриф икки томонлама алоқаларнинг ривожланишига катта туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, ҳамма йўналишлар, хусусан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион алоқалар кенг ривожланишига замин яратилди. Шу ташриф арафасида 8 миллиард еврога яқин инвестицион лойиҳалар бўйича келишувлар қилинди. Албатта, бу келишувларнинг аксарияти ҳозирча қоғозда ва биз бу келишувларни амалга, ҳаётга тадбиқ этишимиз керак. Бу масалада нимес томони билан ҳамкорликда ишлар олиб боряпмиз. Бу лойиҳалар ортидан бошқа лойиҳалар юзага келяпти. Йирик немис компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб борганини кўриб, бошқа компаниялар ҳам улар ортидан интиляпти. Нафақат йирик компаниялар, балки ўрта ва кичик ширкатлар ҳам бизнинг бозоримизга қизиқиш билдиришни бошлаяпти. 

– Ушбу лойиҳалар кўпроқ қайси йўналишларда? 
– Бир қатор йўналишлар мавжуд. Масалан, инфратузилма, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳаларига қизиқиш катта.

– Май ойи охирларида Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Бу ташриф нимаси билан аҳамиятли? 
– Авваламбор, бир йил ичида иккита юқори даражадаги ташриф камдан-кам бўлади. Май ойида Германия Федерал Президентининг Ўзбекистонга ташрифини Германия Ҳукумати Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши, сиёсий кўмак деб баҳолаш мумкин. Бу шунчаки қуруқ кўмак эмас, балки Президент билан бирга бир гуруҳ йирик тадбиркорлар ҳам Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу Ўзбекистонда немис компаниялари учун янги имкониятлар очилаётганидан дарак беради. Улар боряптими, демак қизиқиш бор. Ўзбекистонда очилаётган янги имкониятлардан улар фойдаланишмоқчи. Ушбу ташриф икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқади, деб ўйлаймиз. 

– Германиядаги ўзбекистонликлар – улар кимлар? Улар қанчалик элчихона атрофига тўпланган. Сизни қанчалик танийди, қанчалик элчихона манзилини билади? 
– Ҳозирги кунда Германияда 700 га яқин ўзбекистонлик йигит-қизлар бор. Уларнинг аксарияти талаба. Элчихонамизда Ёшлар иттифоқининг ваколатхонасини очдик, вакилини сайладик. Улар жуда фаол. Март ойида Германиядаги Ўзбекистон ёшлари кунини ташкил этдик. Хорижий мамлакатларда бундай тадбир илк бор ўтказилмоқда. 100 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар қатнашишди. Улар ўқишини битириб, Ўзбекистоннинг ривожланишига, очилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўзининг ёрдамини, ҳиссасини қўшишга тайёр ёшлар. Уларнинг кўзи ёниб турибди. 

Албатта, Германияда ўзбекистонлик ёши катта авлод вакиллари ҳам бор. Аммо уларнинг аксарияти ўзбекистонлик бўлгани билан, ўзбек миллатига мансуб эмас. Улар турли сабаблар билан Германияга келган. Уларнинг умумий сони 5-6 мингтани ташкил этади. Улар ҳам элчихонамизга келиб, ўзларини Ватанда бўлгандек ҳис қилиб кетишади. 

– Германияликларда Ўзбекистонга саёҳат қилишга бўлган қизиқиш қай даражада? 
– Немислар – тарихга қизиқадиган халқ. Шу боис Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, урф-одатларига қизиқиш жуда катта. Афсуски,  анча йиллар давомида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар етарли даражада бўлмаган. Охирги йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, хусусан январь ойидан бошлаб бир ойлик визасиз режим жорий этилгани ва Ўзбекистон ҳақида Германияда маълумотлар ортиб боргани сайин сайёҳлар сони ҳам ўсиб келмоқда. Масалан, 2017 йилга нисбатан 2018 йил якунида сайёҳлар сони икки бараварга ўсди. 2018 йил ва 2019 йилнинг биринчи кварталидаги натижаларни солиштирсангиз, 42 фоизга ўсиш кузатилганини кўрасиз. Рақамларга қарасангиз, ойма-ой сайёҳлар сони ўсиб бормоқда. Бу масаланинг биринчи томони, лекин иккинчи жиҳати ҳам бор: Ўзбекистонда сайёҳларни қабул қилишга имкониятлар қанчалик етарли? Ҳозирги кунда бир-икки немис туркомпанияларидан бизга мурожаатлар келиб тушяптики, кузги мавсумда – сентябрь ва октябрь ойларида меҳмонхоналарда жой етарли эмас. Шунинг учун туризм соҳасига ҳам инвесторларни жалб қиляпмиз. Туристик марказлар ҳисобланган Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз ва Фарғона водийсидаги шаҳарларга инвесторларни жалб қилиб, меҳмонхоналар сонини ошириш устида ҳам ишлаяпмиз. Талаб, тарихни ўрганиш эҳтиёжи жуда катта. 

– Немис халқи, Германия ҳақида гап кетганда шаҳарларнинг тозалиги, табиатга бўлган муносабат, шунингдек, сувга нисбатан ҳурмат ҳам юқори даражада экани алоҳида қайд этилади. Кўп жойда сувга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлинаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўляпмиз. Германиядан бу тажрибани ўрганиш бугунги Ўзбекистон аҳолиси учун қанчалик муҳим? 
– Албатта, бу ерда сувга, табиатга, экологияга ҳурмат, эҳтиёт қилиш, тежаш ёшликдан тизимли равишда ўргатиб келинади. Тарихдан эсласак, бизда ҳам ариқларда оққан сувлар жуда тоза бўлган. Аслида табиатга бўлган ҳурмат, сувни тежаш бизнинг қонимизда бор. Нимагадир охирги йилларда одамлар буни унутиб қўйди, сувни исроф қилишлари кўзга ташланди. Албатта, немислардан ўрганадиган тарафларимиз ҳам бор. Немисларда “орнум” деган сўз бор. Бу – тартиб дегани. Бу халқ ҳаётида нима қилса тартиб билан қилади. Уларнинг бутун ҳаёти режалаштирилган ва шу тартиб-қоидаларга асосан яшайди. 

– Сиз бу тартиб-қоидаларга мослаша олдингизми? 
– Бунга мослашиш осон. Режа қилиб, тартиб бўйича яшаш жуда осон. Ўзингиз ҳам қийналмайсиз, бошқаларга ҳам осон бўлади. Улар ҳам сиздан нимани кутишни билади. 

– Биз ўтирган бинонинг аҳамияти жуда юқори эканини бу ерга кирганда янада ҳис қилдик. Атрофда бошқа республикаларнинг элчихоналари бинолари ёнидан ўтиб келдик. Майдони жиҳатидан кенг, биноси тарихий, ўз ҳолича сақлаб қолинган. Ҳовлида тарихий ёдгорликни кўрдик. Келинг, Ўзбекистон элчихонасининг биноси ҳақида гаплашсак. 
– Бу бино 1880 йилда йилда қурилган бўлиб, Пруссия армиясига қарашли бўлган. Бу ерда армиянинг казармалари жойлашган эди. 1999 йилда Ўзбекистон элчихонаси шу бинога жойлашди. Ҳозирда Берлиндаги элчихоналар орасида энг нуфузли ва тарихий бинолардан бири Ўзбекистонники. Албатта, бу бинодан унумли фойдаланишимиз керак. Бу бино нафақат дипломатларнинг иш жойи, балки Ўзбекистоннинг имкониятлари ва бойлигини тақдим қиладиган маскан. Бу ерда учрашувлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, бир қатор тадбирлар ўтказишга барча имкониятлар мавжуд. Бундан унумли фойдаланиш бизнинг қўлимизда. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 2.9