Наманганда пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
3-саҳифа
−
05 Декабрь 4849 2 дақиқа
Наманган шаҳри ва Янги Наманган туманларида ҳокимнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчилари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган шахар ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси мазкур маҳалладаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ер майдонларидан 8 сотих қисми учун далолатнома расмийлаштириб, бир йил давомида нотурар сифатида фойдаланиб туриш ва бир йилдан сўнг ер тоифаси карорини тураржой тоифасига ўзгартириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига фуқародан 6 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳокимлик вакили келишилган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай ҳолат Янги Наманган тумани маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳам кузатилган. Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси туман ҳокимлиги ва кадастрдаги танишлари орқали ушбу маҳалладаги 12 сотих давлат захирасида бўлган ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 16 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 6 минг долларни олган вақтида ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу ҳокимликлар вакилларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Боғдод туманида ҳоким ўринбосари 8 минг доллар билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси