Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темирйўл рейслари йўлга қўйилади

Жамият

image

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темирйўл рейслари йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда Наманган вилояти майдонининг 20 фоизи тоғлардан иборатлиги тоғ туризмини ривожлантириш учун катта имконият экани, бундай лойиҳаларни Поп, Чуст, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқда амалга ошириш мумкинлиги қайд этилган.

Германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз тажрибаси асосида бу туманларда тоғ туризмини ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш ва йил якунигача лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланган.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимининг кескин ўсиши учун транспорт соҳасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганини кўрсатиб ўтган.

Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темирйўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиарейсларни кўпайтириш топширилган.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темирйўл рейслари, Наманган–Поп–Чодак йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда Туркия тажрибаси асосида олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказ ишга туширилиши айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган рейс темирйўл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг