Болаларнинг машина бошқаришига рухсат берганларга жазо кучайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда наркотик билан шуғулланган ҳамда вояга етмаганларнинг автомобиль бошқаришига йўл қўйганларга жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда бугун, 11 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида сўз борди.

Унда қайд этилишича, давлат раҳбарига парламент томонидан қабул қилинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилган.

Маълум қилинишича, қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилмоқда. Унда аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган хавфли қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, янги бобда наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Давлат раҳбари ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлаган ҳамда уни имзолаган. Тақдимотда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилган.

Маълум қилинишича, янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та асосий йўналиши белгиланмоқда. Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.

Лойиҳада наркотиклар айланмаси, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда бевосита иштирок этувчи 14 та давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши назарда тутилган. Унга кўра, қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назорати кучайтирилиб, уларни олиб киришдан тортиб, реализация қилишгача бўлган жараёнлар узлуксиз электрон назорат қилинади.



Тақдимот жараёнида прекурсорлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини қатъий тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилган. Бу борада электрон назорат тизимини жорий этиш, ноқонуний ҳолатларга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилган.

Тақдимотда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унда айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани, бу эса йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатларига сабаб бўлаётгани қайд этилган. Шу боис, янгича ёндашув асосида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, Президент гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар орасида мазкур иллатнинг тарқалишига қатъий чек қўйиш, шунингдек, йўлларда инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифларни маъқуллаб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев Наркотик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг