Нега халқаро ҳуқуқ рус ҳисобчисидан миннатдор? Сергей Магнитский ким?
Таҳлил
−
01 Декабрь 12635 8 дақиқа
Халқаро ҳуқуқ тизимига бир инсоннинг ўлими қай даражада таъсир қилиши мумкин? Тарих шунга гувоҳлик берадики, қиролларга қилинган суиқасд урушларга сабаб бўлган (Австрия тахт вориси Франц Фердинандниг ўлими Бириннчи жаҳон урушига сабаб бўлган) эди. Аммо ҳар доим ҳам бир бухгалтернинг ўлдирилиши бутун дунёдаги ҳуқуқий тизимга таъсир қилавермайди. Биз эса бугун шундай бир ноодатий ҳолат – россиялик ҳисобчининг ўлими аввал Америкада, кейин бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида янги қонунлар тизимини вужудга келишига олиб келгани ҳақида ҳикоя қиламиз.
Умумий фон
2009 йил Россиянинг “Матросская Тишина” қамоқхонасида 37 ёшли аудитор Сергей Магнитский ҳаётдан кўз юмди. Негаки, бу инсон тинчгина ҳаётни эмас, ўз давлатидаги чириган олигархиянинг корруппцион қилмишларини фош қилишни танлади.

Москвадаги энг йирик хорижий инвестиция фондларидан бири бўлган Hermitage Capital Management (HCM) компаниясида Сергей Магнитский исмли солиқ маслаҳатчиси ишлаб келар эди. Унинг иш фаолияти даврида Россия тарихидаги энг мунозарали фирибгарлик иши содир этилади. 2007 йилда Россия ички ишлар органлари HCM’нинг шўба корхоналарида рейд ўтказиб, компания ҳужжатлари ва муҳрларини мусодара қилади. Бу тинтув қилиш ишлари катта миқёсдаги солиқ фирибгарлиги схемасининг бошланиши эди. Бу воқеа ортидан ўзлаштирилган ҳужжатлар орқали ички ишлар органлари HCM компаниясининг турли ҳудудлардаги учта шўбасини бошқа сохта шахслар номига ўтказади ва корхоналар номидан қалбаки шартномалар тузиб, гўёки бу ташкилот катта йўқотишларга учраганини ва шунинг учун аввал тўлаган 5.4 миллиард рубль (230 миллион долларлик) солиқни зудлик билан қайтариб олишга ҳақли эканини даъво қилиб чиқишади. Одатда ҳафта ёки ойлар давомида кўриб чиқиладиган бундай аризаларга бу гал бир кунда жавоб бўлади ва корхона талаб қилган сумма унинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Компания солиқ маслаҳатчиси Сергей Магнитский тезда назорат қўлдан чиққанини сезди ва бу жиноятнинг изига тушади. Одатда бу каби ҳужжатлар узоқ муддат ушлаб турилмасди. Банк активларини кузатиш ва компаниянинг янги раҳбарлар қўлига ўтганини кўрган Магнитский тезда тушуниб етадики, мусодара вақтида тортиб олинган ҳужжатлар ёки ўғирланган, ёки сотилган эди. Солиқ органлари эса даъвога ноодатий тезкорлик билан жавоб қайтаргани уни эътиборини тортди ва текширувлар ортидан шуни аниқладики, бу бир гуруҳ жиноятчилар эмас, балки давлат идоралари иштирокидаги жиддий коррупцион фирибгарлик опперацияси бўлиб чиқди.
Магнитский солиқ қайтарилган пайтдаги банк ўтказмаларини ва ҳужжатларни тасдиқлаган солиқ инспекторлари, пулни “ювиш”да иштирок этган банк ходимлари ҳамда ички ишлар органлари терговчилари ўртасида маълум алоқалар мавжудлигини кўрсатувчи далилларни тўплади. Сергей Магнитский бу молиявий далилларга ва бухгалтерия ёзувларига таяниб, бутун схемани тўлиқ ошкор қилди. У шунчаки фирибгарликни эмас, балки давлат бюджетидан амалдорлар томонидан амалга оширилган ўғрилик механизмини очиб берди.
Магнитский ўлими
Сергей Магнитский бутун бошли давлат идоралари иштирокидаги жиноий ишни фош қилганидан мамнун эди ва ўзи тўплаган далилларни 2008 йил июль ойида Россия тергов қўмитаси ва Бош прокуратурасига топширди. Аммо у адолат талаб қилиб борган инсонлар жиноятчиларнинг ҳамтовоғи эканлигини билмаганди. Прокуратура унинг ўзи фош қилган жиноятни ўзига тўнкади ва Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 199-моддаси 2-қисмига биноан солиқ тўлашдан бўйин товлашда иштирок этганликда айблаб, 24 ноябрь куни ҳибсга олди.
Қизиғи Магнитскийнинг суд ҳукми ҳали чиқарилмасдан туриб уни қамоққа олишганди ва бўйнига қўйилган айбни тан олиши учун тинимсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказилгани айтилади. Узоқ чўзилган тергов давомида Магнитский 358 кун давомида, аввал “Бутирка” қамоқхонасида, кейинчалик эса “Матросская Тишина” қамоқхонасида инсоний бўлмаган шароитларда сақланади. Панжаралар ортидаги муҳит унинг ҳам руҳиятига, ҳам жисмоний соғлиғига ёмон таъсир қиларди, аммо унга на тиббий ёрдам кўрсатилади, на оиласи билан кўришишга рухсат этилади.

Ўзи шундоқ ҳам турли касалликлар билан оғринаётган Магнитскийга нисбатан турли зўрвонликлар амалга оширилган, сохта айбловларни тан олиши учун ҳар куни калтакланган. Охир-оқибат 2009 йил 16 ноябрь куни Сергей Магнитский ўт пуфагидаги тошлари туфайли эмас, қамоқхона ходимлари томонидан резина калтаклар билан дўппосланиши оқибатида бош мия жароҳати билан ўлим топади.
Рус расмийлари унинг ўлимига дастлаб қорин пардаси ёрилиши, кейинчалик юрак хуружи ёки ўт пуфаги яллиғланиши каби касалликлар сабаб бўлганини важ қилишади. Бироқ, мустақил экспертлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари бу ёлғонларга ишонмади ва мустақил текширувлар натижасида танадаги оғир жароҳатлар, бош суяги ва қўл суякларининг синиши аниқланди. Дунё ҳамжамияти эса Россияни Магнитскийнинг инсоний бўлмаган шароитларда сақлангани, тиббий ёрдамни рад этгани ва самарасиз тергов ўтказилгани учун жавобгар деб топди.
2013 йил июль ойида – Магнитскийни вафотидан тўрт йил ўтиб, Москва шағридаги Тверь туман суди уни айбдор деб топди.
Магнитский қонуни шаклланиши
Сергей Магнитскийнинг ўлими Россияга Ғарб босимини кучайтириб юборди, ҳамма ундан жавоб талаб қиларди. 2011 йил июлида Россия Тергов қўмитаси дастлаб Магнитский қамоқхона маъмурлари унга тиббий ёрдам кўрсатишни чеклаб қўйгани учун вафот этганини тан олди ва уни даволамаган шифокорларга нисбатан жиноий иш очилди, шундай бўлсада, уни қамаганларга нисбатан чора кўрилмади.
Магнитскийнинг иш берувчиси ва Россиядаги таниқли сармоядор, америкалик тадбиркор Билл Браудер адолат учун курашни давом эттирди. У Россия ичидаги тизимдан адолат талаб қилиш бефойдалагини тушуниб етгач, чегаралар ташқарисидан ёрдам излашга қарор қилади ва турли халқаро учрашувларда Россия амалдорларига қарши санкция чораларини кўришга чақириш ғоясини илгари суради. Айниқса унинг америкалик сенатор Бенжамин Кардин билан суҳбатлари ортидан АҚШда янги қонун лойиҳаси тайёрлаш ишлари авж олади. Ва ниҳоят, 2012 йилда АҚШда “Сергей Магнитский номидаги қонун устуворлиги бўйича жавобгарлик тўғрисидаги қонун” ёки қисқа қилиб айтганда “Магнитский акти” қабул қилинди.
-Recovered.jpg)
Ушбу қонун дастлаб халқаро даражада бўлмай, балки АҚШнинг Россия амалдорларига нисбатан санкциялар жорий қилишини кўзда тутар эди. Унга кўра, Сергей Магнитскийнинг ҳибсга олиниши, қийноққа солиниши ва ўлимида тўғридан тўғри иштирок этган ёки бунга алоқадор бўлган мансабдорлар, Магнитский томонидан фош қилинган 230 миллион долларлик солиқ фирибгарлиги схемасида иштирок этган шахслар ва бу жиноятларни фош қилган бошқа шахсларни таъқиб қилиш, қўрқитиш ёки уларга жисмоний зарар етказишда иштирок этган Россия фуқаролари АҚШга кириши тақиқланади, АҚШ юрисдикциясидаги барча молиявий активлари музлатилади, АҚШ фуқаролари ёки компанияларининг улар билан ҳар қандай турдаги молиявий ва тижорий битимлар тузилиши тақиқланади.
2016 йилга келиб АҚШ бу қарор кўламини кенгайтиришга қарор қилди ва “Глобал Магнитский инсон ҳуқуқлари масъулияти акти” номли қонунни қабул қилди. Энди Магнитский акти бу фақат Россияни тиювчи механизм эмас, халқаро инсон ҳуқуқларининг янги бир муҳим бўлагига айланди. Бу янги қонун биргина Магнитскийнинг иши билан чекланмасдан, дунёнинг исталган бурчагидаги жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишида ёки кенг кўламли коррупцияда иштирок этган ҳар қандай шахсга нисбатан санкциялар қўллаш имконини берарди. Дунё молиявий тизми эса АҚШнинг банкларига ниҳоятда боғланиб қолган, халқаро доирадаги пул ўтказмаларини АҚШ банклари воситачилигисиз амалга ошириб бўлмайди.
Инсон ҳуқуқларини таминлаш масаласи йил сайин ошиб бориши фонида АҚШдан бошқа давлатларда ҳам бундай қонунларга эҳтиёж ортиб борди. Аста секин Магнитский қонуни турли кўринишда бўлсада дуннёнинг йирик давлатлари томонида ўзлаштирила бошланди. 2017 йил Канадада “Хорижий мансабдорлар коррупцияси қурбонлари учун адолат акти” номли қонун, 2018 йилда Буюк Британияда “Санкциялар ва пул ювишга қарши акт” номи билан янги қонунлар қабул қилинди. Гарчи ҳужжатлар номи турлича бўлсада, асос ягона эди – Магнитский қонуни.
Магнитский қонуни ғояларини байналминаллаштириш йўлида энг катта қадам Европа Иттифоқи давлатларида “Глобал инсон ҳуқуқлари санкциялари режими" (EU Global Human Rights Sanctions Regime) номли уставнинг қабул қилиниши бўлди. Европанинг 27 давлати томонидан тан олинган ушбу янги қонун ғоялари дунё миқёсида инсон ҳуқуқлари нормаларини бузган шахсларни судсиз халқаро даражада жазога тортиш механизмининг яралишига олиб келди.
Бугунги кунга келиб бироз оқсоқланиб қолган бўлсада халқаро ҳуқуқнинг кўплаб нормалари ҳануз ишламоқда. Ҳозиргача бу қонунлар кўплаб жиноятчиларни юридик жиҳатдан жазолаб келяпди. Булар жумласига 2018 йилда Истанбулда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида бевосита иштирок этган ёки бунга буйруқ берган шахслар, Александр Навалнийни заҳарлашга алоқадор шахслар, юқори даражали хавфсизлик ва мудофаа амалдорлари, Шинжон-Уйғур автоном вилоятида уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши қатағонларга алоқадор Шинжон вилоятининг собиқ ва амалдаги юқори мартабали сиёсий ҳамда хавфсизлик соҳасидаги амалдорларини киргизиш мумкин. Улар ҳануз тирик ва ўз давлати ҳудудида эркинликда яшаётган бўлишига қарамай, уларнинг чегаралар ортига ўтиш имконият чекланган, халқаро молия тизимида қўллари боғланган.
Гарчи “Сиёсатда ҳақиқат йўқ”, деган гаплар кўп ўринда ўз исботини топган бўлсада, Магнитский каби инсонлар ўлимга қадар уни қидиришда давом этади. Охиригача курашганларнинг эса ҳаракатлари беҳуда кетмайди, улар ўлимидан кейин ҳам ўзлари излаган “ҳақиқат”ни топишлари мумкин.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь