Нетаньяху Трамп билан шошилинч учрашмоқчи – ОАВ

Олам

image
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув ташкил этишга шошилинч уринишлар қилмоқда. Мақсад – Эрон билан тайёрланаётган урушни тўхтатиш бўйича келишув атрофидаги келишмовчиликларни бартараф этиш. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
 
Келишув шу ҳафта имзоланиши кутилмоқда. Бу эса Исроил раҳбариятида хавотир уйғотган – расмийлар Теҳронга босимнинг юмшаши ва “Ҳизбуллоҳ” билан уруш фонида Вашингтон билан алоқалар узилиши хавфи жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Кескинлик Исроилнинг Байрутга жавоб зарбасидан сўнг янада кучайди. Трамп эса Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб, АҚШ ва Эрон ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувига зид бўлган Ливанга зарбаларни тўхтатишни талаб қилган.

Кеча, 15 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Нетаньяху омма олдида келишувни очиқ танқид қилмаган ва Эрондаги ҳарбий мақсадлар амалга оширилганини билдирган.

“Лекин одамлар биз нимага эришдик, деб сўрайди. Жавоб шуки, биз йўқ қилиниши мумкин бўлган бевосита таҳдидни орқага сурдик”, деган Исроил вазири.

Бироқ WSJ маълумотига кўра, Исроил расмийлари ички муҳокамаларда Трамп Теҳронга молиявий енгиллик берадиган ва бойитилган уранни топширишни талаб қилмайдиган келишувга рози бўлганидан хавотир билдирмоқда.

Нетаньяху ички сиёсий босимлар сабаб мамлакат ичида ҳам тобора кўпроқ танқидга учрамоқда. Исроилнинг АҚШдаги собиқ элчиси Майкл Орен WSJ’га берган изоҳида, агар Эрон санкциялардан енгиллик олса, у ўз ҳарбий салоҳиятини қайта тиклашини ва бу АҚШ обрўсига “улкан, ҳатто ортга қайтариб бўлмайдиган зарба” бўлишини айтган.

Исроилнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ ўринбосар маслаҳатчиси Чак Фрейлих эса Нетаньяху Трамп билан ички сиёсий босим сабаб тўқнаш келаётганини билдирган.

“У сиёсий ўйин ўйнаяпти. Биби фақат Бибини ўйлайди. Трамп билан зиддиятга киришиш Исроил учун энг охирги қилинадиган иш бўлиши керак”, деган собиқ ходим.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро тушуниш меморандум лойиҳасида барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам урушни тўлиқ тўхтатиш шарти мавжуд бўлган. Теҳрон эса Исроил томонидан янги ҳужумлар бўлса, “янада кучли ва афсуслантирувчи зарбалар” берилишини огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг