Нуфузли банкнинг мансабдори 30 минг доллар билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
25 Февраль 14973 1 дақиқа
Нуфузли банкнинг мансабдор ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, етакчи тижорат банкларидан бирининг Амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тошкент вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖда вилоят Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган аудит солиқ текшируви натижасида аниқланган 72 млрд 956 млн сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни мазкур тизимда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бартараф қилиб бериш эвазига 110 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк мансабдори келишилган пул маблағи ҳисобидан 30 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳокимликнинг қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси ўз ўғлининг ерини сотиш жараёнида пора талаб қилгани учун қўлга олинганди.
Live
Барчаси