“Оч қоринга – намакоб”. Меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қиладиган вазирлик ходимларининг ўзи вазирликдан норози
Жамият
−
11 Февраль 4472 6 дақиқа
Аввалроқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов марказ таркибидаги Касб-ҳунарга ўқитиш бўлимининг 13 нафар ходими билан меҳнат шартномасини асоссиз равишда бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу судда ҳам ўз исботини топганига қарамай ходимларга тўланиши керак бўлган 769 млн сўм иш ҳақи, ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация ва маънавий зарар бугунга келиб 2 млрд 91 млн 473 минг сўмга ошиб кетган. Биринчи мурожаат эълон қилинганидан 4 ой вақт ўтган бўлса ҳам муаммо ижобий ечим топмаяпти. Бу борада жабрланувчилар яна QALAMPIR.UZ эшигини қоқди.
Мурожаатчига кўра, муаммо ижтимоий тармоқларда ёритилгандан сўнг Раҳмонов уларни қисман ишга тиклаган бўлса ҳам ойликлар тўлиқ берилмаяпти, суд қарорида кўрсатилган мажбурий прогул кунларига ҳисобланган иш ҳақлари, компенсация пуллари ҳали ҳанузгача тўланмай келинмоқда. Ижро ишини Бош прокуратура ва республика Мажбурий ижро бюроси назорат қилишига қарамасдан, ташкилотдаги раҳбарият ва бошқа ходимларга ойлик иш ҳақлари ўз вақтида берилмоқда.
“Биз бўшашдан олдин штатдаги ходимлар эдик, суд қарорида олдинги иш ўрнига тиклансин дейилган, биз марказда дарс берганмиз, лекин ҳозирда штатга эмас, шунчаки Олий судга протест киритиш учунгина буйруқ қабул қилинган. Лекин Олий суд Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати қарорини уз кучида қолдирган. Биз ишхонага бориб фақат бир совуқ хонада ўтириб келамиз, меҳнат шароитлари яратилмаган, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Меҳнат инспекциясига бир неча бор мурожаат ҳам қилганмиз, лекин натижаси йўқ. Бизнинг штат жадвалимизни вазирлик тасдиқлайди, аслида. Лекин бунга рухсат йўқ. Ўзлари бутун республика бўйлаб меҳнат қонунчилигидан дарс беришади, амалда мана шу аҳвол”, дейди мурожаатчи.
.jpg)
Шу орада Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовнинг ўринбосари Алишер Муродовга нисбатан суд қарорини муҳокама қилиш ваколати бор-йўқлиги масаласида саволлар пайдо бўлди.
Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, уларга вазирлик вакиллари томонидан муайян шартлар қўйилган.
“Суд қарорини муҳокама қилишга кимнинг ваколати бор? Яъни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовнинг ўринбосари Алишер Муродовга шундай ваколат берилганми, бизга улар томонидан шартлар қўйилмоқда, яъни биз агар суд қарорида кўрсатилган суммаларнинг маълум қисмидан воз кечсак, ишдан бўшашга ариза ёзсак, маблағлар тўлаб берилар экан (ушбу келишув ҳақида аудио ёзув мавжуд)”, дейди у.
Юқоридаги суднинг қароридан норози ташкилот раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов томонидан республика Олий судига киритган шикояти қайтарилган ва олдинги суд қарорлари ўз кучида қолганлигига қарамасдан, юқоридаги тизимда ушбу талаблар бажарилмаяпти.
“Бизнингча, бандлик вазирлиги учун, меҳнат ҳуқуқлари учун курашадиган асосий идорага юқоридаги ҳолатлар жуда уятли. Афсуски, шу кунга қадар шунча қонунбузарликлар ортидан бирорта масъул ходимнинг жазоланганини эшитмадик. Ушбу вазирлик ва тасарруфидаги ташкилот меҳнат муносабатлари йўналишида жиддий ислоҳотларга муҳтож”, дея қўшимча қилади жабрланувчи ходим.
QALAMPIR.UZ мазкур масала бўйича Мажбурий ижро бюроси билан боғланди. Ташкилот матбуот котиби Фаррух Тошпўлатовга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2025 йил 6 июндаги қарздор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш марказига ишга тиклаш ва мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Янгиҳаёт туман бўлими иш юритувига 2025 йил 6 июлда келиб тушган.
Бюронинг туман бўлими томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Хусусан, даъвогар М.А. ва бошқаларга иш ҳақини ундириб бериш мақсадида марказнинг ҳисоб рақамига банд солиш ҳамда ҳисоб рақамидан қарздорлик учун пул маблағини бўлим депозит ҳисоб рақамига ўтказиб бериш бўйича ғазначилик бўлимига қарор юборилган. Шунингдек, қарздорнинг 2 та автотранспорт воситасига банд солинган.
Бундан ташқари, суд қарори ижросини таъминламагани сабабли марказ директори Абдуҳалил Раҳмоновга нисбатан 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддаси (Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилган.
Бюро томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида марказ директорининг 2025 йилнинг 2 октябрь кунги ҳамда 23 октябрь кунги ундирувчи Ў.М. ва М.А. ҳамда яна 11 нафар собиқ ходим тегишли буйруқлари асосида аввалги иш жойига тикланган.
Шунингдек, бўлим депозит ҳисоб рақамига келиб тушган 100 млн сўм пул маблағлари тенг тақсимланиб, ундирувчиларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, 2025 йилнинг 11 декабрь ҳамда 19 декабрь кунлари қарздор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш марказига тегишли бўлган жами 41 турдаги 433 дона товар моддий бойликлар олиб чиқилиб, сақлаш ҳамда реализация қилиш учун “Р.Т” МЧЖга топширилган.
Шунингдек, мазкур ижро ҳужжати юзасидан 2025 йилнинг 22 декабрь куни баҳоловчи МЧЖга қарздорга тегишли бўлган мол-мулкларни баҳолаш юзасидан мутахассис тайинлаш бўйича қарор қабул қилинган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан қарздорга тегишли мулклар баҳоловчи МЧЖнинг 2026 йил 13 январдаги баҳолаш хулосасига кўра, мулклар 205 млн 235 минг сўмга баҳоланган. МИБга кўра, сотувдан тушган пул маблағлари қонуний тақсимланиши таъминланади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 21 январь куни қарздорнинг Сергели тумани Ғазначилик бўлимидаги барча ҳисоб рақамларига тақиқ ўрнатилган. Аммо 21 январдаги тақиққа қарамасдан ташкилот раҳбарияти ва бошқа бўлим ходимлари январь ойлигини олган, тақиқнинг қандай очилгани номаълум.
Ушбу можаролар фонида жорий йилнинг 26 январь куни марказ раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовга мурожаат қилиб, асоссиз ишдан олинган ходимлардан айни дамда мажбурий прогул харажатларини ва ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация ҳамда маънавий зарарни қоплаш учун жами 2 млрд 91 млн 473 минг 830 сўм миқдорида қарздорлик мавжуд эканини билдирган.
Шу муносабат билан Раҳмонов вазирдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 706-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 36-банди учинчи хатбошисига кўра, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 23 майдаги 3-1243/25-сонли ажримида келтирилган компенсация ва ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судининг 2025 йил 29 сентябрдаги 2-1005-2511/75421-сонли иш ҳақи, ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация ва маънавий зарар ҳисобидан компенсация ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш ва мавжуд қарздорликни қоплаш учун жами 2 млрд 91 млн 473 минг 830 сўм миқдорида Бандлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан марказнинг смета харажатларини молиялаштиришда амалий ёрдам беришини сўраган.
QALAMPIR.UZ ушбу масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан расмий муносабат кутиб қолади.