Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ўзгарди
Жамият
−
05 Сентябрь 6792 1 дақиқа
Сенатнинг тегишли қарорига асосан, Алишер Усмонов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Алишер Усмонов Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланиб, Икром Муслимов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимидан, Нодира Ҳакимова Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилган.
Маълумот учун, Алишер Усмонов 1964 йилда туғилган. У бугунга қадар Косонсой туман судининг раиси, Мингбулоқ тумани прокурори, Наманган вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири ва Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим манбаларда Икром Муслимов инсультга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов мазкур хабарлар юзасидан муносабат билдириб, уларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.