Олтин нархи рекорд даражада қимматлади
Олам
−
12 Январь 4832 2 дақиқа
Бугун, 12 январь куни COMEX биржасида олтиннинг бир тройский унцияси (тахминан 31 грамм) биринчи марта 4600 доллардан ошди ва максимал қиймати 4612 долларни ташкил қилди.
Биржа маълумотларига кўра, олтин нархи +1,5 фоиз, кумуш +5,87 фоиз, платина +4,12 фоиз, UGLD +2,81 фоиз, Полюс +1,13 фоиз кўрсаткич билан ўсган. Бу ўсишга АҚШда Федерал заҳира банки раиси Жером Пауэллга нисбатан жиноят ишининг очилиши, Эрон бўйича намойишлар ва геосиёсий беқарорликлар, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон ва Гренландия бўйича баёнотлари таъсир қилган.
Россия молия вазирлиги прогнозига кўра, олтин нархи келажакда ҳам ўзгарувчан бўлса-да, узоқ муддатда янги рекорд даражаларга – 5000 доллар ва ундан юқорига етиши мумкин. 2025 йилда олтин нархи 64,4 фоиз, кумуш эса 141,4 фоизга ошган. Ушбу ўсишга фоиз ставкаларининг пасайиши, геосиёсий тарангликнинг кучайиши ва АҚШ долларига ишончнинг камайиши таъсир қилган. Кумуш нархи бозоридаги дефицит ҳам унинг қийматини оширишга ёрдам берган.
Маълумот учун, Марказий банк ҳам бугун, 12 январь куни олтин қуймаларини сотиш ва сотиб олиш нархларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуйма нархи илк бор 9 млн 10 минг сўмни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банки захираларидаги активларнинг умумий қиймати 66,31 млрд долларга етгани ҳақида хабар берилганди. Захиралар ўтган ойга нисбатан 5,08 млрд долларга (8,3 фоиз) ошган. Шу билан бирга 2025 йил бошидан эса 61 фоизга ўсган.
Live
Барчаси