Озарбайжон Россия элчисига нота топширди

Олам

image

Россиянинг Озарбайжондаги элчиси Михаил Евдокимов Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ хабар берди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, вазирлик Россия элчиси Михаил Евдокимовни чақириб, унга расмий норозилик нотаси топширган.

Бунга сабаб сифатида Давлат думаси МДҲ ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулиннинг республикада Арманистон фуқароларига чиқарилган ҳукмга доир баёноти кўрсатилган.

Баку Москва томонини минтақада тинчлик ва барқарорликни, шунингдек Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатларни издан чиқаришга қаратилган “бузғунчи фаолият” ва уринишларни тўхтатиш учун тегишли чоралар кўришга чақирган.

Қайд этиш жоиз, бир кун аввал Затулин Россия-Арманистон халқаро “Лазарев клуби”нинг Бакуда Тоғли Қорабоғнинг собиқ раҳбариятига чиқарилган ҳукм юзасидан баёнотини эълон қилган эди. Унда суд қарори “ўзбошимчалик” деб баҳоланган. Затулин мазкур клуб кенгаши координатори ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Баку ҳарбий суди 2020 йилдан 2023 йил август ойининг охиригача Тоғли Қорабоғни бошқарган собиқ президент Араик Арутюнянни умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилган. У уруш жиноятларини содир этишда, жумладан урушни тайёрлаш ва олиб бориш, геноцид, уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш, терроризм, терроризмни молиялаштириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ва сақлаб туришда айбланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон нота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг