Патрушев Путиннинг ёрдамчисига айланди
Олам
−
14 Май
7959ФХХнинг собиқ директори ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Николай Патрушев Россия Президенти Владимир Путиннинг ёрдамчиси этиб тайинланди. Тегишли фармон Кремль сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, шу пайтгача Тула вилоятини бошқарган Алексей Дюмин ҳам Президент ёрдамчиси лавозимини эгаллаган.
Бошқалар қаторида собиқ таълим вазири Андрей Фурсенко ва Маданият вазирлигининг собиқ раҳбари Владимир Мединский ҳам Президент ёрдамчилари этиб тайинланган.
Шунингдек, Россия Президенти маъмуриятида ҳам тайинловлар амалга оширилган. Аввалроқ Путиннинг ёрдамчиси бўлган Максим Орешкин маъмурият раҳбари ўринбосари бўлган. Путин аппарати раҳбари лавозими яна Антон Вайнога раво кўрилган.
Кремль воизи Дмитрий Песковга кўра, Николай Патрушев кемасозлик, Алексей Дюмин мудофаа саноати, спорт ва давлат кенгаши, Владимир Мединский тарих ва маданият, Максим Орешкин эса иқтисодиёт ва транспорт соҳасини бошқаради.
Маълумот учун, Николай Патрушев 1999-2008 йилларда ФХХни бошқарган, кейин эса 16 йил давомида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби бўлган. Владимир Путин уни 2024 йилнинг май ойида, бешинчи марта президентлик лавозимига киришгач, лавозимидан озод қилган эди. Патрушев ўрнига Сергей Шойгу тайинланган.
Николай Патрушевнинг ўғли Дмитрий Патрушевга ҳам Путин инаугурациясидан кейин Россия Бош вазири ўринбосари лавозими берилган.