Пауэлл қора курсида ёхуд долларнинг тақдири танг аҳволда
Таҳлил
−
15 Январь 12358 6 дақиқа
АҚШ халқаро майдонда яратаётган ғала-ғовурлар фонида мамлакат ичидаги сиёсий тўполонлар кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмоқда. Ошиб бораётган бюджет тақчиллиги, АҚШ долларининг глобал миқёсда заифлашиши ва ортиб бораётган инфляция каби муаммолар ҳукуматнинг юқори лавозимида ўтирганлар учун жиддий бош оғриғи бўляпти. Дональд Трампнинг сиёсати фақат дунё лидерларини эмас, АҚШ ҳокимияти тепасидагиларни ҳам жиғига тегишни бошлаганига анча бўлган. АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Пауэллга нисбатан очилган жиноий иш ҳам мамлакатдаги кескин вазиятнинг акси десак, муболаға бўлмайди. Трамп ўзига бўйсунмаганларни “тагига сув қуймоқчидек” кўринади.
Жером Пауэлл ким?
Жером Хайден Пауэлл – америкалик ҳуқуқшунос, молиячи ва давлат арбоби. 2018 йилдан буён дунёнинг энг қудратли молиявий ташкилоти — АҚШ Федерал захира тизими раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Уни ҳатто, "дунё иқтисодиётининг бошқарувчиси" деб аташади, негаки унинг қарорлари бутун дунё иқтисодий тизимига таъсир ўтказади.

Пуэлл 1953 йил 4 февралда Вашингтонда, ҳуқуқшунослар оиласида дунёга келган. У таълимни дунёнинг энг нуфузли университетларида, дастлаб 1975 йилда Принстон университетида сиёсат бўйича бакалавр даражасини олган бўлса, кейинчалик 1979 йилда Жоржтаун университетида ҳуқуқшунослик доктори унвонига эга бўлган.
Пуэлл ўз карьерасини дастлаб адвокат сифатида бошлаган бўлсада, тез орада инвестиция банки соҳасига бурилиш қилади. 1997 йилдан 2005 йилгача дунёдаги энг йирик инвестиция компанияларидан бирида — "The Carlyle Group"да ишлайди ва катта бойлик орттиради. Шундан сўнг, уни сиёсат майдонига таклиф қилишади. 1990 йилларнинг бошида, Катта Жордж Буш президентлиги даврида, АҚШ Молия вазирлигининг юқори лавозимларида фаолият юритади. Ҳуқуқ ва иқтисод соҳасида юксак билимга эга бўлган Жером Пауэлл 2012 йилда Барак Обама томонидан Федерал захира тизими Бошқарув кенгаши аъзолигига тайинланади.
2018 йилда илк бор ҳокимиятга келган Дональд Трамп уни ФЗТ раиси этиб тайинлади. Шу тариқа Пауэлл охирги 30 йил ичида иқтисодиёт бўйича махсус фан доктори (PhD) даражасига эга бўлмаган биринчи ФЗТ раҳбарига айланди.
Унинг раҳбарлиги даврида дунё COVID-19 пандемиясини бошдан кечирди. Шундай оғир вазиятда Пауэлл иқтисодиётни қутқариш учун фоиз ставкаларини нолга туширди ва триллионлаб доллар пул босиб чиқарди. Пандемиядан сўнг эса бошланган юқори инфляцияни тўхтатиш учун у охирги 40 йилдаги энг кескин фоиз ставкаларини ошириш сиёсатини олиб борди.
Пауэлл терговда
2026 йилга келиб, Пауэлл ўз карьерасининг энг мураккаб даврларидан бирини бошдан кечирмоқда. Бир томондан иқтисодиётда олиб борилаётган "Soft Landing" (юмшоқ қўндириш – фоиз ставкаларини аста-секин ошириш орқали иқтисодий инқирозни олдини олиш) ҳаракати, иккинчи томондан эса ўзига нисбатан очилган жиноий терговлар ва сиёсий босимлар унинг ФЗТ мустақиллигини сақлаб қолишдаги иродасини синовдан ўтказмоқда.

Жорий йилнинг 11 январь куни, кечқурун Федерал резерв тизими раиси Жером Пауэлл, ФЗТнинг расмин Х саҳифасида, кутилмаган видео мурожаат билан чиқди. У 9 январь куни АҚШ Адлия вазирлиги унга ва Федерал резерв тизимига нисбатан жиноий тергов бошлаганини ва расмий чақирув қоғозлари (субпоэнас) юборилганини маълум қилди.
Айни дамда, Пауэлл ФЗТнинг Вашингтондаги регулятор штаб-квартирасини реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ва лойиҳанинг кўлами ҳақида ёлғон маълумот берганликда гумонланмоқда. Муаммо шундаки, таъмирлаш лойиҳасининг дастлабки бюджети 1,9 миллиард доллар бўлган, бироқ кейинчалик у 2,5 миллиард долларга ортган. Харажатлардаги бундай кескин ўсиш Адлия вазирлигида шубҳа уйғотгани, 2025 йил июнь ойида Сенат қўмитасига тафовутни изоҳлашда Пауэлл ёлғон кўрсатмалар берган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу борада Жером Пауэллнинг ўзи расмий муносабат билдириб, асл мақсад ФЗТга босим ўтказиш эканини айтган.
“Мен демократиямизда қонун устуворлиги ва ҳисобдорлик тамойилларини чуқур ҳурмат қиламан. Ҳеч ким, айниқса Федерал захира тизими раиси ҳам қонундан устун бўла олмайди. Аммо бу жараён маъмурият томонидан бўлаётган таҳдидлар ва доимий босимлар контекстида кўриб чиқиш лозим”, дейди Пауэлл.
Шунингдек, у айбловларда зарра асос йўқлиги, ФТЗ таъмирлаш борасидаги барча харид маълумотларини Конгрессга тўла етказганини таъкидлаб ўтди.
“Бу янги таҳдид, ўтган йилнинг июнь ойидаги лойиҳа харажатлар бўйича берган гувоҳлигим ёки Федерал Резерв биноларини таъмирлаш ҳақида эмас. Гап Конгресснинг назорат роли ҳақида ҳам эмас. ФТЗ ҳисоботлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали Конгрессни таъмирлаш лойиҳаси ҳақида хабардор қилиб туриш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Буларнинг бари баҳона. Жиноий айбловлар таҳдиди, Федерал Резервни президентнинг буйруқларига амал қилиш ўрнига, жамоатчиликка хизмат қиладиган фоиз ставкаларини белгилагани натижасидир”, дейди у.
Хуллас, Жером Пауэлл расмий кўрсатилаётган баҳоналар ортида аслида қандай мақсадлар ётганини очиқлади. АҚШда Дональд Трамп ўзи чизган чизиғидан юрмайдиганларни шундай жазолашга уринишмоқда шекилли.
Босимлардан мақсад нима?
АҚШ иқтисодиёти гарчи йил сайин ўсиб бораётган бўлсада, мамлакат ичкарисидаги молиявий аҳвол унчалик ҳам яхши эмас. Масалан, “Debt to the Penny” портали берган маълумотларга кўра, 2025 йилда АҚШ бюджети тақчиллиги 1,9 триллион долларга етди, давлат қарзи эса рекорд даражада – 38 триллион доллардан ошди.
Доллар эса бутун дунёда ўз қадрини тобора йўқотмоқда. Халқаро инвесторларнинг унга бўлган ишончи пасайиб, АҚШга янги пулларни кириши камайишда давом этяпти. Бунга эса ФТЗнинг фоиз ставкаларини туширилгани сабаб бўляпти.
.jpg)
Фоиз ставкаси – бу оддий қилиб айтганда, пулнинг нархи. ФЗТ тижорат банкларга кредит ажратади, улар эса ўз фойдаси ва харажатларини қўшиб аҳолига кредит беради. ФТЗнинг фоиз ставкалари қанча баланд бўлса, кредит олиш шунча қимматлашади ва фуқаролар пулларини тежашни бошлайди. Шу билан бирга халқаро инвесторлар учун АҚШ банкларида ўз пулларини омонат сифатида сақлаш тобора манфаатлироқ бўлиб боради. Бу эса долларга бўлган ишончни ошиши, унинг халқаро майдондаги қадрини кўтарилишига сабаб бўлади.
АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп эса мамлакат иқтисодини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали кучайтириш ниятида. Шу туфайли у ФЗТдан фоиз ставкаларини пасайтиришни талаб қилиб келмоқда. Фоиз ставкалар тушса долларнинг халқаро обрўси ҳам пасаяди, аммо кредит олишнинг қулайлиги туфайли маҳаллий тадбиркорлар банкдан олинган пуллар эвазига ўз бизнесларини ривожлантиришлари ёки янги тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари мумкин.
Айни пайтда, 2026 йил январь ойи ҳолатига кўра, АҚШ Федерал резерв тизимининг асосий фоиз ставкаси 3,5% — 3,75% оралиғида турибди. Жорий йил давомида ушбу ставкалар 3,0% — 3,25% даражасигача етказишни режалаштирган. Аммо, Президент Дональд Трампнинг қарашлари ФТЗнинг ҳозирги эҳтиёткорона сиёсатидан тубдан фарқ қилади. У ставкаларни “агрессив” ва “тезроқ” туширишни талаб қилмоқда. Трампнинг мақсади ставкаларни имкон қадар нолга яқинлаштиришни ёки ҳеч бўлмаганда ҳозиргидан анча паст даражага туширишни хоҳлайди. Паст ставкалар орқали у иқтисодий ўсишни (стимул) кучайтирмоқчи, кўпроқ иш ўринлари яратишни мақсад қилган.
Агар ставкалар Трамп айтганидек жуда тез ва пастга туширилса, бозорда пул кўпайиб кетади ва бу инфляциянинг янги тўлқинига ва нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин. ФЗТнинг амалдаги раиси Жером Пауэлл эса бунга жиддий қаршилик қилиб келмоқда. Бироқ сиёсатчилар адолатли ўйнамайди, энди Трамп бошқа таъсир ричагини топишга уринмоқда. Бу галги ўйинлар иш берадими ёки йўқ номаълум, аммо қайсар Трамп бошқа усул билан бўлса-да ўз мақсадига эришиши эҳтимоли юқори.
Live
Барчаси