ППХ ходимига мушт туширган ҳайдовчи узр сўраб чиқди (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида маст ҳайдовчи ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб, патруль-пост хизмати инспекторига мушт туширгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодиса ортидан ҳайдовчининг мазкур жараёнга аралашган ички ишлар тизимида ишловчи подполковник акаси ишдан олинди. Ука мазкур воқеадан афсусда эканини ва акасининг йиллар давомида орттирган обрўсига путур етказганини айтиб, узр сўради. Бу ҳақда у пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.

“Спиртли ичимлик истеъмол қилганим сабабли гап талашиб қолдик, кейин патруль-пост хизмати ходимлари етиб келиб, ўзаро жанжаллашиб қолдик. Шундан сўнг кайф ҳолатда қўлимни кўтариб юбордим. Бу қилган ишимдан минг афсусдаман, ҳаммадан узр сўрайман. Бошқаларга бундай қилиб ичиб юришни тавсия этмайман. Агар транспорт воситасини бошқаришда давом этганимда, орқамдан бошқалар жабр кўриши мумкин эди. Акамнинг йиллар давомида орттирган обрўсига ҳам путур етказдим. Ҳаммаси спиртли ичимлик сабаб бўлди. Бу ҳол бошқа такрорланмайди, қилган ишимдан пушаймонман”, дейди ҳайдовчи.

Ўзи нима бўлган эди?

Ҳодиса пойтахтнинг Яшнобод туманида содир бўлган. Фуқаро П. давлат рақамлари ечиб қўйилган транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариб, светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан ҳаракатланган ва бошқа автомашина билан йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Воқеа жойига етиб келган йўл-патруль хизмати ходимлари йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштирмоқчи бўлганида, П. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаган ва уларга фаол қаршилик кўрсатган. Хусусан, ҳақоратли сўзлар ишлатиб, хизмат вазифасини бажараётган инспекторнинг пагонларини юлиб олган.

“Воқеа жойига бориб ўрганилганда, Malibu 2 ҳайдовчи ўта маст ҳолатда бўлиб, ўзини билмаётгани, хуши ўзида эмаслиги аниқланди. Белгиланган тартибда қонуний чора кўриш мақсадида йўл-транспорт ҳодисаси расмийлаштирилаётган чоғда, ҳайдовчи турли ҳақоратли сўзлар ишлатиб, жамоатчиликни ўзига қаратиб, тартибни бузган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатди”, дейди ИИО ходими.

Шундан сўнг воқеа жойига махсус экипаж чақиртирилган. Етиб борган патруль-пост хизмати ходимларининг жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги қонуний талабини бажармаган П. улардан бирини уриб, тан жароҳати етказган.

“Мурожаат бўйича етиб борганимизда фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилгани, ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаётгани, уларни ҳақорат қилиб, сўкаётганига гувоҳ бўлдик. Шундан сўнг фуқарони тинчлантириш мақсадида унга қилаётган хатти-ҳаракатлари ноқонунийлиги, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига зид равишда ҳаракатланаётгани тушунтирилди. У эса мени жағ қисмимга бир марта урди. Шундан сўнг ўзимга бириктирилган махсус восита ёрдамида фуқарони зарарсизлантириб, ички ишлар бўлимига олиб бордик”, дейди жабрланувчи ППХ ходими.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ППХ маст ҳайдовчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг