Президент 29 та давлат хизматини хусусий секторга беришга топшириқ берди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мутасаддиларга жорий йил 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та  давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўриш топширилди. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга берилган. Лекин вазирликларда бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар жуда кўплиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, Давактив агентлиги риэлтор ва баҳоловчини имтиҳондан ўтказиш, тоифа беришни, Туризм қўмитаси гидларга малака сертификати бериш хизматини, Агросаноат инспекцияси қишлоқ хўжалиги ва махсус техникаларни мажбурий кўрикдан ўтказишни хусусий секторга бериши мумкинлиги таъкидланди. Бошқа вазирлик ва идораларда ҳам тадбиркорлар бемалол қила оладиган хизматлар жуда кўп.

Шу муносабат билан мутасаддиларга 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўриш топширилди. Ҳар бир вазирликка ўз тизимидаги қайси хизматни хусусий секторга, жумладан аутсорсингга бериш ва янги хизматларни жорий қилиш мумкинлиги бўйича таклиф тайёрлаш топширилди. Бу борада Рақобат қўмитасининг масъулияти белгиланди.

Тадбиркорларда ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш ёки хусусийлаштириш шартлари бўйича саволлар кўплиги боис, бу борада очиқ, шаффоф, манфаатли шартларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

видеоселектор Шавкат Мирзиёев давлат хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг