Президентга Туркия билан ҳарбий ҳамкорлик бўйича ҳисобот берилди
Жамият
−
23 Апрель 6466 1 дақиқа
Бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботини тинглади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Туркия Республикаси Қуролли Кучларининг юқори мартабали вакили ҳам иштирок этган.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Ҳарбий-техник ҳамкорлик изчил ривожланиб, жумладан, идоралараро алоқалар кенгайиб бораётгани, қўшма тадбирлар ташкил этилиб, ҳарбий мутахассислар тайёрланаётгани алоҳида таъкидланган.
Ҳарбий соҳадаги шерикликни янада чуқурлаштириш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Анқарада Туркия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлари Яшар Гулер ва Шуҳрат Холмуҳамедов ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Учрашув якунида ҳар икки вазир томонидан “Туркия Республикаси ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим” ҳамда “Туркия Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси” имзоланган.