Путин Кремлда аш-Шара билан учрашди (видео)
Олам
−
09:08 2858 2 дақиқа
Сурия ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара кеча, 28 январь куни Москвага ташриф буюрди ва мамлакат етакчиси Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Бу унинг сўнгги уч ой ичидаги Россияга иккинчи сафари бўлди. У Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди. Учрашув Дамашқ мамлакат ҳудудининг устидан назоратни қайта тиклашга яқинлашган бир пайтда бўлиб ўтди, жумладан, илгари курд кучлари таъсирида бўлган шимолий ҳудудлар ҳам бунга киради.
Россиянинг учта ҳарбий объектидан бири Қамишли ҳам айнан шу ҳудудда жойлашган бўлиб, уларнинг мақоми Сурия ҳукумати билан мунтазам муҳокама қилиниб келинади. Дамашқ Москвада яна бир масалани кўтаргани айтилмоқда – бу Россияга қочиб кетган, Башар Асад давридаги собиқ юқори мартабали ҳарбийларнинг фаоллиги.
Бу ташриф аш-Шаранинг биринчи сафаридан уч ой ўтиб амалга ошди. Ўшанда, 2025 йил октябрида у Москва билан муносабатларни “қайта ишга тушириш” зарурлигини таъкидлаган эди. Жорий учрашувда икки томонлама алоқалар, айниқса иқтисодий ҳамкорликда сезиларли силжиш бўлганини қайд этди.
Владимир Путин икки давлат ўртасидаги алоқаларда ижобий динамика пайдо бўлганини, иқтисодий ҳамкорлик жонланаётганини айтган ва Россия компаниялари Сурияни қайта тиклашда иштирок этишга тайёр эканини билдирган. Аҳмад аш-Шара эса Россиянинг минтақани барқарорлаштиришдаги ролини юқори баҳолаган.
Қайд этиш жоиз, Суриядаги вазият тўлиқ барқарорлашгани йўқ. Ғарб нашрлари ва минтақавий разведка маълумотларига кўра, собиқ Асад даврига мансуб айрим генераллар чет элдан туриб Сурияда янги қаршилик ҳаракатларини шакллантиришга уринмоқда. Бундан ташқари, ИШИД жангарилари сони ҳам сўнгги бир йил ичида кескин ошгани қайд этилмоқда.
Владимир Путин ва Сурия етакчиси ўртасидаги аввалги учрашувда томонлар собиқ президент Башар Асад ҳукумати даврида имзоланган келишувларни қайта кўриб чиқиш имкониятини муҳокама қилган. Шунингдек, музокаралар чоғида Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари масаласи ҳам кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, икки етакчи ўртасидаги сўнгги учрашувдан кейин Россиянинг юк самолётлари яна Суриянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазасига парвоз қилишни бошлаганди.
Live
Барчаси