Қамоқхонадан чиққан ўликлар. Ҳаммаси тасодифми?

Интервью

Самарқанд вилоятида тергов ҳибсхонасида сақланаётган 35 ёшли собиқ “Райгаз” раҳбарининг вафоти яна бир бор ёпиқ муассасаларда юз бераётган ўлимлар масаласини кун тартибига олиб чиқди. Расмий маълумотга кўра, 21 февраль куни Каттақўрғон тумани 7-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ҳамда 28, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан айбланиб, қамоққа олинган 1991 йилда туғилган фуқаронинг соғлиғи ёмонлашган. У Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилаётган пайтда, соат 18:00 атрофида вафот этган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг билдиришича, бирламчи суд-тиббий ташхис марҳумнинг ўлимини “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” билан изоҳлаган. Танасида жароҳат излари аниқланмаган. Шунингдек, 18 февраль куни айбланувчи касаллиги сабабли шифохонага олиб чиқилгани, яқинларига хабар берилгани, 20 февраль куни эса шифокорлар хулосасига кўра соғлиғи қониқарли бўлгани сабабли ҳибсхонага қайтарилгани маълум қилинган.

Расмий баёнот мантиқан ёпиқ: касаллик бор эди, муолажа қилинган, ўлим табиий сабаб билан юз берган. Аммо жамоатчиликда ҳақли савол туғилади, нега айнан ҳибсхона ёки тергов жараёнида бўлган шахсларда “оғир асоратлар”, “тўсатдан юрак етишмовчилиги” ёки “ўткир касаллик” каби ташхислар билан ўлим ҳолатлари такрор-такрор учрамоқда?

Айнан шунга ўхшаш сценарий йўқ, аниқроғи бу каби ҳолат Сурхондарёда содир бўлган. Ўша вақтда бир оиланинг уч аъзоси ўлдириб кетилган, қотиллик жинояти тергови жараёнида шу ҳудуддаги кўплаб эркаклар сўроқ учун Узун тумани ИИБ биносига олиб борилган. Булар қаторида бўлган 50 ёшли фермер ҳам ходимлар томонидан уйидан олиб кетилган. У ИИБ биносида 2 кун сақланган ва 25 февраль куни “юрак хуружидан” вафот этган. Марҳумнинг яқинлари танада қийноқ излари борлигини, жиноятни унинг бўйнига қўймоқчи бўлганини билдирган.

Марҳум Ҳайитовга нисбатан 24 февраль куни ЖИБ Узун туман суди судьяси А. Алиқулов томонидан қарор чиқарилган. Суд ҳужжатига кўра, марҳумга ўлимидан бир кун олдин МЖКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айб қўйилиб, 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бироқ, суд қарорининг ўзида бир қатор чалкашликлар бўлган. Ҳайитов 23 февраль куни уйидан олиб кетилган бўлса-да, суд ҳужжатида у Наврўз маҳалласида ким биландир жанжаллашгани қайд этилган. Қарорда марҳум Наврўз маҳалла идорасида таниши билан тортишиб, жамоат жойида уни ҳақорат қилгани ёзилган. Ҳужжат давомида эса жабрланувчининг фамилияси бошқа бир фамилияга алмашиб қолади.

Шунингдек, қарорда тилга олинган “ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси” нимадан иборат экани очиқланмаган. Энг муҳими, яқинларига суд бўлиб ўтгани ва оиланинг асосий боқувчиси 6 суткага қамалгани ҳақида хабар берилмаган. Суд қарорига кўра, 2025 йил 24 февраль куни соат 18:00 да жазони ўташ муддати бошланган. 25 февраль куни эрталаб эса Ҳайитов вафот этган.

Марҳумнинг ўлими юзасидан тайёрланган махсус ахборотда унинг суд қарори билан 6 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўташ учун Термиз шаҳридаги маъмурий қамоқхонага олиб борилаётган вақтида йўлда соғлиғи ёмонлашгани, Сариосиё тумани шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганида вафот этгани қайд этилган.

Ҳуқуқшунослар орасида маъмурий қамоқ баъзан тергов амалиётида “классик усул” сифатида қўлланаётгани ҳақида фикрлар бор. Очилмаган жиноятларни фош этишда шубҳали шахсларни ИИБ биносида ушлаб туриш учун МЖтКнинг майда безорилик (183-модда), ҳақорат ёки ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик каби моддалар қўлланади. Амалиётда шахс айбни содир этган-этмагани кўпинча иккинчи даражали масалага айланади, судлар эса маъмурий қамоқ тайинлаш билан чекланади.

Ҳайитовнинг ўлими – алоҳида ҳодисами ёки тизимли муаммонинг навбатдаги кўринишими? Агар фуқаро икки кун ИИБ биносида бўлган бўлса, унинг соғлиғи ҳолати қандай назорат қилинган? Нега оғир ҳолат йўлда аниқланган? Суд қароридаги чалкашликлар, фамилиялар алмашуви, далилларнинг очиқланмагани ва яқинларга хабар берилмагани вазиятни шубҳа остига қўяди. Бироқ, энг муҳим масала – инсон эркинлигидан маҳрум этилган пайтдан бошлаб унинг ҳаёти ва соғлиғи учун давлат тўлиқ жавобгар ҳисобланади. 


Бунга ўхшаш ҳолат 2025 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган суиқасд воқеаси ортидан ҳам кузатилган. Ўша пайтда унинг 7 нафар ходими (қўриқчи, ҳайдовчи, ошпаз ва бошқалар) ички ишлар ходими талабига бўйсунмагани учун 15 суткага маъмурий қамоққа олинган. Кейинчалик иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилиб, маъмурий қамоққа тортилганларнинг барчаси оқланган.

2025 йил февраль ойида 21 ёшли Муҳаммадқодир Пўлатов Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасасида вафот этганди. Бош прокуратура маълумотига кўра, унга “ўткир миокард етишмовчилиги ва панкреатит” ташхиси қўйилган. Бироқ, марҳум танасида қийноқ аломатлари борлиги ҳақидаги хабарлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. 21 ёшли йигитнинг “юрак хуружи” билан ўлганига кўпчилик ишонмади.

2024 йил май ойида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганди. Наманган вилоятидаги жазони ижро этиш колониясида 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилгани хабар қилинган. У Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда сотиш) билан узоқ муддатли жазони ўтаётган бўлган. Расмий маълумотга кўра, марҳум маҳбуснинг бўйин соҳасидаги странгуляция чуқурчасидан бошқа жароҳатлар аниқланмаган.

2022 йил ёз ойида, Товоқсой қамоқхонасида 20 ёшли маҳкум қийноқларга дош беролмай ўз жонига қасд қилган. Фуқаро томдан йиқилиш оқибатида оғир тан жароҳати олган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳодиса 25 июнь куни рўй берган. Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкум халқ тилида “сангород” деб аталадиган маҳбуслар шифохонасида даволанган.

“Маҳкум жонига қасд қилгани ҳақида яқинларига орадан 4 кун ўтиб хабар беришибди. Орада мазкур ҳодиса бўйича бир одамни ишдан бўшатишибди. Суриштирув хулосалари борасида эса ҳеч нима дейишмаётган экан”, дейди у.

Ташановнинг сўзларига кўра, жабрланувчи мунтазам қийноққа солинган. Маҳкумнинг отаси фарзандини 10 апрель куни онаси билан биргаликда кўриб келишгани, эртасига у карцерга ташланганини таъкидлаган.

“Суд ҳукми билан 2020 йилнинг февралида 10 йилга қамалган бу йигитча панжара ортига кирганида 18 ёшда эди. Бош миясида болаликдан жароҳати бор экан, “Эзгулик”ка қилган мурожаатига қўшиб бир дунё тиббий хулосаларни ҳам тақдим қилишган бояқишлар. Талаби – қийноққа солган ўша зўравонларга нисбатан чора кўрдириш экан, адвокатга қўли калта ота-онанинг. Колония маъмурияти эса боланинг ўзини иродасизликда айбламоқда. Кўринадики, иродасиз бўлсангиз, қамоққа тушманг. Акс ҳолда, сиз учун ҳеч ким жавоб бермайди. Расмийлар бундай нохуш ҳодисани яширишади, гўё ҳаммаёқ чаман, гуллаб кетган, яшнаб кетган”.

Ҳолат юзасидан баёнот берган Тошкент вилояти прокуратураси бинонинг юқори қаватидан ўзини ташлашга уринган маҳкумлар икки нафар бўлгани маълум қилинган. ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги 7-сон ЖИЭК бошлиғининг маълум қилишича, уч нафар ўша йилнинг 20 июнида қўлланган интизомий жазодан норози бўлиб, 25 июнь куни соат тонгги бешлар атрофида колониянинг 10-туркуми том қисмига чиқиб, ўзларини бошқа колонияга ўтказишларини талаб қилишган; колония ходимларининг тушунтиришларига қарамасдан соат 6:30 да бинонинг 2-қаватидан ўзларини пастга ташлаган. Колониянинг даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими ходими томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилгани, маҳкумнинг умумий аҳволи қониқарли экани айтилган.

Тошкент махсус прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, ушбу ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмаган ва жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

2021 йилда эса Қашқадарёдаги қамоқхонада маҳкум томирини кесиб, ўз жонига қасд қилган. Бош прокуратура матбуот котиби тақдим этган муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда жонига қасд қилгани айтилаётган маҳкум 4-минтақавий ҳудуд 35-сонли манзил колониясига 2021 йилда 9-сонли ТХ орқали этап бўлиб келган. Унга муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидалар ёзма равишда таништирилган.

35-сонли манзил-колониясига келтирилиб, колониянинг шифокорлик пунктида бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилганида, маҳкумда “Ўтказилган бош мия жароҳатидан кейинги ҳолат” (анамнез) мавжудлиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган.  2021 йил 20 август куни 35-сонли манзил колониясида жойлашган озиқ-овқат дўконида маҳсулот харид қилиш вақтида шу дўконга кириб келган колония ходимлари сафдорларни кўриб, уларга: “Менинг ортимдан кузатиб юрибсанларми?” деб эътироз билдирган.


Шу пайт улар ўзаро гап талашиб кетгани сабабли маҳкум ушбу келишмовчилик ортидан ўзига нисбатан жазо чораси қўлланиши мумкинлигидан қўрқиб, дўкон олдига чиқиб, чўнтагида бўлган соқол олиш учун мўлжалланган олмос бўлаги (лезвие) билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилиб, экспертиза хулосасига кўра ўзига “енгил шикаст” кўринишида тан жароҳати етказган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, маҳкумлар ўзига шикаст етказиш ёки шу билан қўрқитиш орқали жазони ижро этиш маъмуриятига босим ўтказиш ёки бирор енгилликка эришиш ёхуд интизомий жазодан қутулиб қолишга интилиш ҳолатлари ашаддий жиноятчилар орасида кенг тарқалган бўлиб, бундай томошани улар ўзаро “отрицаловка” деб номлашади. Ғиёсовнинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилган ва жазони ижро этиш муассасаси ходимлари ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз, инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ёки жазога дучор этилиши мумкин эмас. Бу норма тўғридан тўғри амал қилади ва барча давлат органлари, жумладан, тергов ва жазони ижро этиш тизими учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноққа солиш алоҳида жиноят сифатида назарда тутилган.
Мазкур моддага кўра, терговчи, суриштирувчи, прокурор ёки бошқа мансабдор шахс томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, гувоҳ ёки жабрланувчидан кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солиш, руҳий ёки жисмоний босим ўтказиш жиноят ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон 1995 йилда Қийноқларга қарши конвенцияга қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатга кўра, қийноққа солиш ҳар қандай шароитда тақиқланади; фавқулодда ҳолат ёки уруш ҳам бу тақиқни оқлай олмайди. Қийноққа оид ҳар бир даъво мустақил ва холис текширувдан ўтказилиши шарт. Амалдаги қонунчиликка кўра, қийноқ орқали олинган кўрсатмалар далил сифатида ҳақиқий ҳисобланмайди. Судлар бундай кўрсатмаларга таяниши мумкин эмас.

Шавкат Мирзиёев 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида қатнашган нутқида қамоқхона, ҳибсхона ва бошқа чекланган эркинлик жойларида қийноқлар ҳар қандай шаклда қатъиян ман этилиши ва бундай жиноятлар учун жавобгарлик бўлиши ҳақида гапирган. У “инсон қадр‑қиммати ҳурмат қилинадиган тизимни мустаҳкамлаш” ни давлатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида атаган. Президент Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш тизимининг самарадорлигини оширишнинг устувор вазифалари белгилаб берилганди.

Масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. Ҳибсхона ва колониялар ёпиқ тизим ҳисобланади. Ахборот асосан расмий манбалар орқали чиқади. Муқобил текширув, мустақил мониторинг ёки фуқаролик назорати механизмлари етарли даражада очиқ бўлмагани эса ишонч инқирозини чуқурлаштиради. Натижада, ҳар бир ўлим – ҳатто, табиий сабаб билан юз берган бўлса ҳам,  шубҳа билан қаралади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жиноят Сурхондарё Наманган Самарқанд Ўзбекистон Комил Алламжонов Сариосиё тез тиббий ёрдам Олмалиқ Суд қарори Муҳаммадқодир Пўлатов Марҳум Ҳайитов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг