Россия Қозоғистон нефтини Германияга етказиб беришни тўхтатмоқчи
Олам
−
21 Апрель 5195 2 дақиқа
Россия жорий йил 1 майдан бошлаб ўз назоратидаги “Дружба” қувури орқали Қозоғистон нефтини Германияга етказиб беришни тўхтатиш ниятида. Бу ҳақда соҳадаги вазиятдан хабардор учта манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Аноним қолишни афзал кўрган манбаларнинг маълумотига кўра, Россия расмийлари нефть транзитининг тузатилган графигини Қозоғистон ва Германиянинг соҳавий идораларига аллақачон юборган. Нашрнинг ёзишича, ҳозирча Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги ушбу маълумотларни тасдиқлаш учун ОАВ сўровига жавоб бермаган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков кундалик брифинг чоғида журналистларга “Дружба” орқали хомашё етказиб беришни тўхтатиш режалари ҳақида билмаслигини айтган. Шу билан бирга, Песков ушбу маълумотни текширишга ваъда берган.
“Reuters”нинг қайд этишича, Россия нефти узоқ йиллар давомида Германияга, хусусан, Шведт шаҳрида жойлашган энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига етказиб берилган. Аммо Украинада уруш бошланганидан кейин Россия Федерацияси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада ёмонлашди. Бунинг фонида, Россиянинг “Роснефть” корпорацияси назоратида бўлган юқорида қайд этилган НҚЗ (нефтни қайта ишлаш заводи) Германия расмийлари бошқарувига ўтди. Бироқ “Дружба” нефть қувуридан ҳалигача фойдаланиб келинмоқда, у орқали Европага Қозоғистон хомашёси кириб бормоқда.
2025 йилда Марказий Осиё республикаси ушбу усул билан Германияга 2,1 миллион тоннадан ортиқ нефть ёки кунига тахминан 43 минг баррель экспорт қилган, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 44 фоизга юқоридир. Шу билан бирга, транзит тизими фаолияти Россия ҳудудидаги нефть қувури участкаларига Украина дронлари томонидан берилган зарбалар туфайли бир неча бор тўхтатилган эди.
“КазТрансОйл” компанияси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон нефтининг Германияга экспорти 353 минг тоннага ошиб, 730 минг тоннани ташкил этган. Умуман олганда, Марказий Осиё республикаси бу йил Германияга 2,5 миллион тоннагача нефть етказиб беришни режалаштирган эди. Шу сабабли, экспертларнинг фикрича, транзитнинг эҳтимолий тўхтатилиши Қозоғистон хомашёсини Европага етказиб беришнинг энг муҳим йўналишларидан бирига дахл қилиши мумкин.
Live
Барчаси