Россия Украинани геноцидда айблаб, судга берди

Олам

image

Гаагадаги БМТ Халқаро суди Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолисига нисбатан геноцид масаласи бўйича Украинага қарши Россиянинг қарши даъвосини кўриб чиқишга қабул қилди. Суднинг 5 декабрдаги қарорида Россиянинг Геноциднинг олдини олиш конвенцияси бўйича шикояти қабул қилинди ва иш юритувига қўшилгани айтилади. Бу ҳақда кеча, 8 декабрь куни Суд матбуот хизмати хабар берди.

Суд Украина томонининг Россиянинг қарши талабларини рад этиш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирмади. Суднинг таъкидлашича, Россиянинг мурожаати “иккинчи тараф даъвосининг моҳияти билан бевосита боғлиқ”.

Суд расмий баёнотида тарафлар ўз позицияларини асосий масалалар юзасидан тақдим этиши кераклиги билдирилган. Украина 2026 йил 7 декабргача жавоб далилларини, Россия эса 2027 йил 7 декабргача эътирозларини тақдим этиши шарт қилиб белгиланди.

БМТ Халқаро суди 2024 йил февралида Украина томонидан 2022 йилда Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг берилган даъвони иш юритувига қабул қилган. Киев бу даъвода Москва Украинанинг шарқида рус тилли аҳолига нисбатан гўё геноцид содир этилгани ҳақидаги сохта баҳонани уруш бошлаш учун ишлатганини таъкидлайди.

Россия Президенти Владимир Путин Украинага бостириб киришини эълон қилар экан, урушнинг мақсади “Донбасс аҳолисига нисбатан геноцидни тўхтатиш” деб баёнот берган эди. Киев бу айбловларни рад этган ва судга мурожаат қилган. Украина Президенти Владимир Зеленский Москва агрессияни оқлаш учун “геноцид” атамасини манипуляция қилгани учун жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлаган.

Россиянинг суддаги вакили даъвони тўхтатишни талаб қилган, чунки Халқаро суд бу масалани кўриб чиқишга юрисдикцияга эга эмас деб ҳисоблаган. Суд эса Россиянинг олти далилидан бештасини рад этиб, фақат биттасини – Россиянинг Украинага бостириб кириши Геноцид конвенциясини бузган-бузмаганини суд ҳал қила олмаслигини тасдиқлаган.

Суд, шунингдек, Украинанинг Россия томонидан “ЛНР” ва “ДНР”ни тан олиш масаласи ҳамда геноцид даъвосини асос қилиб уруш бошлагани бўйича қўйган талабларини кўриб чиқишдан бош тортган. Суднинг таъкидлашича, бу талаблар Геноцид конвенцияси доирасига кирмайди.

Шу тариқа суд ҳозирча фақат Россиянинг Донбасс аҳолиси бўйича геноцид ҳақидаги иддаоларига оид Украина даъвосини кўриб бормоқда. Ишнинг моҳияти бўйича асосий муҳокама ҳали бошланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Геноцид БМТ Халқаро суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг