Россия ўрта осиёлик мигрантларнинг ҳуқуқларига тупурдими?

Таҳлил

Ўтган ҳафта, 10 апрель куни Москва шаҳридаги “Бодрость” номли ҳаммомда содир бўлган хунук ҳодиса атрофидаги воқеалар ҳали ҳам тинчигани йўқ. Россия кучишлатар тузилмаси томонидан ўрта осиёлик, хусусан, қирғиз мигрантларга нисбатан қилинган шафқатсиз муносабат бўйича Москва ва Бишкек бугунгача ўзига хос тарзда “савол-жавоб” ўтказиб келяпти. Бу ҳолат ортда қолган ойлар давомида Ақтауда қулаган Embraer 190 самолёти ортидан Баку ва Москва ўртасида юз берган кескинлашув каби бўлмаса-да, қайсидир маънода жиддий дейиш мумкин. Икки давлатнинг ташқи идоралари бир ҳафтадан буён шу масалани атрофлича ҳал қилиб олиш мақсадида. Бу сўроқ-жавоблар кетма-кетлиги эса олдин хабар берилганидек, Москвадаги “Бодрость” номли ҳаммомда ОМОНнинг мигрантларга қарши ўта қўпол тарзда рейд ўтказгани ортидан бошланганди. У ерда дам олаётган ўрта осиёлик мигрантлар Россия кучишлатар тузилмаси томонидан таҳқирланиб, ярим-яланғоч ҳолатда бир-бирининг устига буюм каби тахланиб ташланганди. Юз тубан ётқизилган ва эмаклатиб юришга мажбур қилинган мигрантларнинг баданида ҳатто жиддий жароҳатлар ҳам борлиги ҳолат акс этган тасвирларда яққол кўринган. Рейд ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган “Реадовка” у ерда тахминан 40 нафар мигрант ҳибсга олингани ҳақида ёзганди. Унга кўра, бир нечта мигрантларга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Мигрантларнинг норасмий раҳбари эса текширув остида бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси бўйича жиноят иши очилиши мумкинлиги айтилди. Оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга асосан Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган мигрантлар ташриф буюрган. Мазкур жараённи тасвирга олган видео муаллифлари лавҳани тармоққа “бу ерга кўплаб қирғизлар келади”, деган изоҳ билан жойлаштиришган. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, бундай рейд ўтказилишига гўёки кўплаб мигрантларнинг ноқонуний равишда ҳаммомни эгаллаб олиб, бошқа ташриф буюрувчиларга фойдаланишга тўсқинлик қилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари мигрантлар рус миллатига мансуб кишиларга нисбатан салбий муносабатда бўлганидан шикоят қилган. Шундан сўнг вазиятга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган ва доимгидек мигрантларга ҳайвонлардек муносабатда бўлган. Бу шунчаки тўқиб чиқарилган ўхшатиш эмас, мазкур тарифнинг ҳақиқатга қанчалик яқин эканини рейд жараёни акс этган видеолавҳалардан англаб олиш қийин эмас.

Изоҳ талаб қилган Қирғизистон

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу хатти-ҳаракатига расмий Бишкекдан роппа-роса 4 кун деганда муносабат берилди. Шунчаки муносабат берилмади, 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Москвадаги ҳаммомда фуқаролар таҳқирлангани юзасидан Россия Федерациясининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашув ўтказиб, ўз талаб ва норозиликларини билдирди. Қирғизистон ТИВ масъули Россия томонидан воқеа бўйича ўрганиш олиб бориб, куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўришни сўради ва бу борадаги расмий нотани топширди Шунингдек, учрашувда Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бундан буён Қирғизистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай вазиятга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш талаб қилинди.

Юқорида таъкидланганидек, ижтимоий тармоқларга сиздирилган хабарларга кўра, бу ҳаммомга кўпроқ ўзбек ва қирғиз мигрантлар келиши ҳақида ёзилган. Бу эса калтакланган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор бўлиши мумкинлигини англатади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг воқеага тезкор муносабат бериши ортидан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳам ҳаракатга келди. Ташқи ишлар вазири Б.Саидовга “Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов эса парламент сўровига тезкор муносабат билдириб, вазирлик хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо ҳимоя қилиб келгани ва бу фаолият улар учун устувор бўлиб қолишини таъкидлади. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Россияга иттифоқчилик нима эканини эслатиб қўйди.

“Ўзбекистонда россиялик фуқаролар камситилгани, хўрлангани ёки калтакланганини эшитганмисиз? ЙЎҚ! Бизнинг фуқароларимизга ҳам Россияда шундай муносабат бўлиши шарт! Иттифоқчилик шундан бошланади”, деб ёзган депутат.

Россиянинг ўзини оқлаши

10 апрель куни Россиянинг Москва шаҳридаги “Бодрость” номли ҳаммомда Россия махсус мақсадли мобил блоки (ОМОН) мигрантларга қарши шафқатсиз тарзда рейд ўтказгани юзасидан нақд 7 кун ўтибгина Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг илк муносабатини билдирди. Унда қайд этилишича, ҳаммом мажмуасини режали текшириш ҳеч бир мамлакат фуқароларига қаратилмаган. Вазирликка кўра, пойтахт Москванинг Тимирязевский туманидаги жамоат биноларини, шу жумладан қирғизистонликлар дам олаётган ҳаммом мажмуасини режали текшириш тадбири давомида хорижликларнинг деярли ярми Россияда ноқонуний бўлгани аниқланган. Баёнотда сўроқ қилиш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб борилган 59 нафар чет эл фуқаросидан 25 нафари мамлакатда иммиграция қонунчилигини бузгани айтилган. Шу сабабли улар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши маълум қилинган. Ҳатто уларнинг айримлари радикал гуруҳларга мансубликда гумон қилинаётгани ҳам қайд этилган.

“Россия томони афсус билан қайд этиб ўтилган хорижликлар томонидан Россия Федерацияси қонунларига эътиборсизлик, жамиятимиз ва давлатимизга қаршилик кўрсатиш истаги борлигини таъкидлайди”, деган дипломатик идора вакили.

ТИВ, шунингдек, ҳибсга олиш жараёни акс этган видеоларга изоҳ берар экан, операция давомида чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимларига қаршилик кўрсатгани, шу сабабли ушбу хорижликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганини билдирган. Бу билан Россия Ташқи ишлар вазирлиги кучишлатар тузилмаларнинг мигрантларга нисбатан қилган зўравонлигини оқлаган. Бугун, 18 апрель куни эса Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов ТАСС билан суҳбатда республика аҳолисининг Москвадаги ҳаммомда қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. У мазкур воқелик ортидан билдирилаётган гап-сўзлар ва расмий доираларнинг ҳаракатларини шунчаки эмоционал реакция деб атади.

“Албатта, бу вазият Қирғизистон билан муносабатларимизни акс эттирмайди. Мен позицияни эълон қилмоқчиман – келинг, вазиятни кескинлаштирмайлик. Вазиятнинг якуний ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини кутамиз. Шундан кейингина қандайдир хулосалар чиқариш мумкин бўлади. Ростини айтсам, мен буларнинг барчасини одамларнинг эмоционал реакцияси деб биламан”, деган у.

Юқорида ўша ҳаммомда Ўзбекистонлик мигрантлар ҳам бўлишини истисно қилмайдиган баъзи тахминлар ҳақида сўз борди. Шу сабабли, QALAMPIR.UZ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан боғланди. Вазирлик сўзамоли таҳририятнинг “Бодрость” ҳаммомида ўтказилган ўша рейдда ўзбек мигрантлари бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволига жавобан бу борада ўрганишлар давом эттирилаётгани ва тез орада расмий маълумотлар берилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қирғизистон мигрантлар ОМОН ҳаммом

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг