Россияга исириқ олиб борган аёл 8 йилга қамалди

Олам

image

Россияда икки Тожикистон фуқароси мамлакатга исириқ олиб киришга уринганликда айбланиб, судга тортилди. Улардан бири 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тожикистон Бош прокуратураси хабар берди.

Унда айтилишича, аёллар исириқни “шахсий ва тиббий мақсадларда” олиб киришга уринган, бироқ Россия аэропортларида ушланган ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Аёллардан бирига Россия Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми (гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадини кўзламай сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш), шунингдек, 229.1-моддаси 3-қисми (таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни Россия божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш) бўйича айблов қўйилган.

“Тергов якунлангач, жиноят иши судга юборилиб, судланувчини 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарилди”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳибсга олинган иккинчи аёлнинг тақдири ҳақида маълумот берилмаган.

Бош прокуратура Тожикистон фуқароларини Россияга исириқ олиб ўтмаслик ва бу давлат ҳудудида фойдаланишдан огоҳлантирган. Таъкидланишича, 10 дан ортиқ исириқ боғламини ташиган ва сақлаганлар 1 миллион рубль (153,4 миллион сўм) миқдорида жарима ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

2024 йилнинг февраль ойида исириқ Россияда гиёҳванд моддалар ўсимликлари рўйхатига киритилганди. Унинг ноқонуний айланиши, сақлаш ва истеъмол қилиш учун юқори жарима ёки қамоқ жазоси назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга кетаётган ўзбекистонликлардан ўзлари билан исириқ олмаслик сўралганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Бош прокуратура Тожикистон исириқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг