Самарқанддаги туғруқхонада она ва бола вафот этди
3-саҳифа
−
06 Июнь 6562 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғуруқ учун олиб келинган аёл вафот этгани ҳамда ҳомиласи нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Аниқланишича, фуқаро Н.Э. жорий йилнинг 10 апрель куни Иштихон туман марказий шифохонаси туғуруқ бўлимига қорин ва бел соҳасидаги оғриқлар билан мурожаат қилган. Тиббий текширув натижасида қоғоноқ сувлари хиралашгани ҳамда ҳомиланинг юрак уришида кескин ўзгаришлар мавжудлиги аниқланган.
Ўз навбатида, бўлим масъул шифокорлари томонидан бемор ҳамда унинг яқин қариндошларига шошилинч равишда кесарча кесиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги тушунтирилишига қарамасдан, беморнинг яқин қариндошлари жарроҳлик амалиётига рози бўлмай, бемор Пайариқ тумани Челак туғуруқ бўлимига олиб борилган.
Бўлим томонидан ўтказилган текширув натижасига кўра, беморга ҳомиланинг антенатал ўлими ҳолати аниқланганлиги маълум қилиниб, яшаш жойидан тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида тавсия берилган.
Шундан сўнг, бемор 2026 йилнинг 11 апрель куни Иштихон туман Соғлиқни сақлаш бўлими марказий шифохонасига ҳомиланинг антенатал ўлими билан мурожаат қилган ва стационар тартибда даво муолажалари ўтказишга киришилган.
Бироқ, Иштихон туман Соғлиқни сақлаш бўлими томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, жорий йил 14 апрель куни Н.Э. вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан Н.Э.нинг ўлими сабаби ҳамда бошқа ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертиза ва хизмат текшируви тайинланган.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиали Каттақўрғон шаҳар суд-тиббий экспертиза бўлинмасининг жорий йил 12 майдаги хулосасида “марҳума Н.Э.нинг ўлими ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги билан кечган ўпка артерияси тромбоэмболиясидан келиб чиққанлиги” ҳақида тўхтамга келинган.
Бундан ташқари, марҳума Н.Э.нинг вафот этганлиги ҳолатида масъул шифокорларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш учун Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалига комиссион тартибда суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Билдирилишича, ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани тиббиёт бирлашмасида суннат қилинган икки бола вафот этганди.
Live
Барчаси