Санду Молдованинг ЕИга қўшилиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди

Олам

image

Молдова Президенти Майя Санду иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишини эълон қилиб, фуқаролар республиканинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича ўз фикрларини билдириши учун референдум ўтказиш ташаббусини парламентда илгари сурди. Бу ҳақда Президент маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди.


“Уч йилдан сўнг давлат раҳбари янги мандат учун ўз номзодини қўйишини эълон қилди ва парламентдан Молдова Республикасининг Европа Иттифоқига кириши бўйича фуқаролар иштирокида референдум ўтказишни сўради”, дейилади матбуот хизмати баёнотида.


Қўшимча қилинишича, Президент парламентдан келаси кузда фуқароларнинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган референдум ўтказишда ташаббус кўрсатишини сўраган.

“Бизда ҳали муҳим қадамлар бор ва агар сиз менга 2024 йилда янги мандат берилишига ишонч билдирсангиз, давом этишга тайёрман”, деган Санду.

Қайд этиш жоизки, 14 декабрь куни бўлиб ўтган ЕИ саммитида Украина ва Молдова билан Европа Иттифоқининг бўлажак аъзолиги бўйича музокараларни бошлашга қарор қилинганди.

Шунингдек, 2022 йил июнь ойида ЕИ Украина ва Молдовага иттифоққа номзод давлат мақомини бериб, аъзолик музокараларини расмий бошлаш учун бир қатор қатъий шартлар қўйган. 

“Номзод давлат мақоми, шунингдек, музокаралар бошланиши мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришини англатмайди, бу қадамлар Брюсселни ҳеч нарсага мажбурламайди. Номзод мақомини олиш Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидаги анча узоқ йўлнинг бошланиши холос”, дейилган хабарда.

Таъкидлаш керакки, Туркия 1999 йилда Европа Иттифоқига кириш учун ариза берган ва номзод мақомида қолган. 2005 йилда бошланган қўшилиш бўйича музокаралар эса 2016 йил охиридан бошлаб тўхтатилган. Шимолий Македония эса 2005 йилдан, Черногория 2010 йилдан ва Сербия 2012 йилдан аъзоликка қабул қилинган. Хорватия эса 2013 йилда Европа Иттифоқига қўшилган охирги давлат бўлди ва бу жараён 10 йил давом этган.

Маълумот учун, Майя Санду 2020 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида Президент бўлган ва ўша йилнинг декабрь ойи охирида ўз лавозимига киришган.  Молдовада президентлик сайловлари 2024 йилда, парламент сайловлари эса 2025 йил июлига белгиланган.


Эслатиб ўтамиз, ўтган ой бошида Россия ЕИга интилаётган Молдовани огоҳлантирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Молдова Майя Санду

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made