“Санжик” судида янги бурилиш: Уй эгаларига қайтди, наркотик “махорка” бўлиб чиқди
Интервью
−
27 Апрель 11539 4 дақиқа
“Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримов Жиноят кодексининг бир нечта моддалари айбланмоқда. Каримовнинг хонадонидан топилган наркотик моддалар унга нисбатан уюштирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда у бугун, 27 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида гапирди.
Суд аввалида Каримовнинг уйидан топилган наркотик моддаларнинг соф оғирлигини аниқлаштириш учун Тошкент шаҳар ИИББ экспертиза ходими гувоҳ сифатида чақирилди. Мазкур жиноят ишига кўра, тезкор тинтув жараёнида ашёвий далил сифатида топилган, жами 3 дона умумий оғирлиги 0,9 грамм бўлган модда соф гиёҳвандлик моддаси эмас балки сигарет махоркаси билан аралашган аралашма нима учун тергов экспертизаси наркотик модданинг соф оғирлигига аниқлик киритмай, махорка билан биргаликда наркотик модданинг оғирлиги ўлчанганлигига изоҳ сўралди.
Олий суди пленумининг 1995 йил 27 октябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, гиёҳвандлик воситаси, психотроп модда ёки уларнинг аналоглари аралашма ҳолида олинган бўлса, жавобгарлик масаласини ҳал этишда ундаги соф гиёҳвандлик воситаси миқдоридан келиб чиқиш лозимлиги белгилаб қўйилган.
Гувоҳлик берувчи бунга жавобан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бундай моддаларни алоҳида ажратиб берувчи ускуна мавжуд эмаслигини ҳамда бу моддаларни ажратиш учун ўзининг махсус малакаси етишмаслигини айтиб ўтди.
Гувоҳнинг қўшимча қилишича, экспертиза жараёнлари Вазирлар Маҳкамаси 878-қарорига кўра малакаланган. Каримовнинг ҳимоячилари Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори “марихуана” ўсимлигига тегишли эмаслигини айтиб, бундай ҳолларда Олий суд пленумининг қарори асосида иш кўриш кераклигини билдирди. Шунингдек, улар гувоҳ ёлғон гувоҳлик берганини ҳам билдирди. Адвокатларнинг сўзларига кўра Тошкент шаҳар ИИББ мазкур моддаларни ажратиш ва соф оғирлигини аниқлашга ихтисослашган барча ускуна ва қурилмаси билан жиҳозланган.
Шунингдек, гувоҳдан Каримовнинг уйида ўтказилган тезкор тинтув жараёнида топилган наркотик моддалар жойида махсус тарозида тортилмасдан олингани ҳақида ҳам изоҳ сўралди. Гувоҳнинг сўзларига кўра, ушбу моддаларнинг оғирлигига фақатгина экспертиза натижасида аниқлик киритилган.
Шундан сўнг ҳимояловчи томони тезкор тинтув нормаларига кўра, топилган ашёвий далиллар жойида махсус сертификатланган тарозида холислар иштирокида тортилиб, конверт устига грамми ёзилиши кераклиги, акс ҳолда унга қўшимча моддалар киритилиш эҳтимоли юзага келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, ҳимоячилар томонидан тезкор тадбирда исм-фамилияси баённомада келтирилмаган бўлса-да раҳбариятнинг оғзаки топшириғи асосида Юсупов номли ходим қатнашиб, Каримовнинг уйидан унга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмни олиб, ўзининг шахсий автомобилига қўйиб қўйган. Каримов ушбу ходимнинг автомобилида тиббий экспертизага олиб кетилган. Шунда Санжар Каримов ўзига тегишли бўлган буюмни таниб қолиб, буни қаердан олганини сўраганда, у мазкур буюмни тинтув жараёнида билмасдан қўлида ўйнаб олиб келиб қўйганини айтган ва Каримов унга “майли сизда қолсин”, деб жавоб берганини келтириб ўтди.
Ушбу ходим 24 апрель кунги суд мажлисида ҳеч қандай наркотик моддаларни топмагани ҳақида судда гувоҳлик берган бўлса-да, ҳужжатда тадбирдаги аниқланган барча гиёҳвандлик моддалар Юсупов томонидан топилган, деб иш ҳужжатида келтирганини ҳам қўшимча қилиб, ушбу тезкор тадбирни ўтказган тергов орган ходимлари ва раҳбариятини ҳам судда сўроқ қилиниши ҳақида илтимоснома киритди. Раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев ушбу илтимосномани рад этди. Сабаби, суд тергови давомида тезкор ходимлар томонидан кўрсатма берилгани, судланувчи билан улар муҳокама қилингани ва мазкур жиноят иши учун етарлича маълумотлар бор, деб ажримга судья томонидан изоҳ берилди.
“Мен ҳаммага бир нарсани айтаман. Тўғриси, мана Аллоҳ гувоҳ, мени чиройли “подстава” қилишди. Афсус”, дейди Каримов.
Аввалги суд жараёнида нотариус ходими чақирилган ҳолда низоли уй-жой собиқ эгаларига 1 сўм эвазига олди-сотди қилиш муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди. Бу галги суд мажлисида айбланувчи Санжар Каримовнинг ҳимоячилари томонидан Алимбаевларга хонадонини қайтариб бериш учун мазкур уйга қўйилган тақиқни олиб ташлаш тўғрисида ажрим қилишни илтимос қилинди.
Раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларнинг фикрини эшитиб, Каримовнинг адвокатлари томонидан киритилган илтимосномани қисман қаноатлантирди. Ажримга кўра, мазкур хонадонни фақатгина Алимбаевларга сотиш шарти билан тақиқ чекланган тарзда бекор қилинди.
Шундан сўнг ҳар иккала томон вакиллари ва адвокатлари билан биргаликда ушбу тураржойни расмийлаштириш учун нотариусга йўл олди. QALAMPIR.UZ мухбири жабрланувчи Шаҳло Алимбаевадан интервью олди.
“Ҳаммаси яхшилик қилишдан бошланди. Барчага катта раҳмат. Бир йилдан ортиқ қийналдик, лекин Аллоҳга шукр, уйимизни қайтариб олдик”, деди Алимбаева.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси