“Сити”да тенгсиз бўлган Ҳусанов. Шов-шув кўтарган “Пахтакор”

Таҳлил

“Open budjet”да ғалаба қозонган халқ билан ўйнашиб бўлмайди, ҳатто футболда ҳам. Ўтган ҳафта Элдор Шомуродов “Рома”да февраль ойининг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган бўлса, бу сафар Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ассалому алайкум. Хорижда тўп тепаётган ўзбекистонлик футболчилар учун том маънода омадли ўтган ҳафта спортига оид энг муҳим воқеалар билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Шомуродов “Рома”нинг ғалаба голини киритди 

“Атлетик”га қарши захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов сўнгги дақиқаларда гол уриб, “Рома”га ғалаба тақдим этди. 

7 мартга ўтар кечаси Европа лигаси 1/8 финал босқич илк ўйинлари доирасида “Рома” ўз уйида “Атлетик”ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу баҳсни римликлар сафида ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов иккинчи таймда захирадан ўйинга қўшилди. Дастлаб, меҳмонлар ҳужумчиси Уильямс 50-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Анхелиньо 56-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда Элдор Шомуродов гол уриб, “Рома”га ғалаба тақдим этди. 

Ўйинда Шомуродовнинг хатти-ҳаракатлари 7,3 баллга лойиқ кўрилди. Бу ҳақда “SofaScore” хабар берди.

Гарчи Шомуродов 71-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган бўлса ҳам, учрашувнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Қизиғи у майдонга тушибоқ, сариқ карточка билан огоҳлантирилди, бироқ шундай бўлса ҳам 29 ёшли ҳужумчининг голи римликларга қимматли ғалабани келтирди.

20 дақиқа атрофида майдонга бўлган ўзбекистонлик футболчи 12 марта тўпга тегинди. У 8 марта шерикларига узатма амалга оширди ва паслардан 7 таси аниқ манзилига етиб борди. Шомуродов тўп учун 3 марта кураш олиб бориб, биттасида ғалаба қозонди. Рақиб дарвозасига йўллаган 1 та аниқ зарбаси эса гол билан якунланди. 

“Рома”-“Атлетик” баҳсининг энг яхши футболчиси сифатида меҳмонлар аъзоси Иньяки Уильямс эътироф этилди ва унинг ўйини 7,8 баллга баҳоланди. “Рома” сафида эса энг юқори баллни Шомуродовнинг голига ассистентлик қилган Салимакерс қўлга киритди. Бельгиялик футболчининг ўйини ҳам худди Уильямс каби 7,8 баллга лойиқ кўрилди.

Ўзбекистон терма жамоаси ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Атлетик”га қарши ўйиндаги ғалабадан хурсанд бўлишга эрта эканини ва жавоб ўйинига эътибор қаратилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у “Рома” - “Атлетик” ўйинидан кейинги тезкор интервьюда сўз очди.

“Энг муҳими, биз ғалаба қозондик. Бугун гол урганимдан хурсандман. Лекин ҳали хурсанд бўлишга эрта, сабаби олдинда жавоб ўйини бор. Биз бир оила бўлиб ҳаракат қиламиз. Ҳар бир футболчи ўзини клубнинг муҳим аъзоси сифатида ҳис қилиши керак. Ишонч бўлса, натижа ҳам ёмон бўлмайди”, дейди Шомуродов.

Шунингдек, ҳужумчи жавоб ўйинига тайёргарлик ҳақида ҳам гапирди.

“Биз эртадан бошлаб кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак. Якшанба куни “Эмполи”га қарши баҳс бор, кейин эса Испанияда жавоб ўйини. “Атлетик”га қарши меҳмонда ҳаракат қилиш осон бўлмайди. Биз эса ғалаба учун майдонга тушамиз”, дейди ҳужумчи.

Маълумот учун, “Рома” ва “Атлетик” ўртасидаги жавоб ўйини 14 мартга ўтар кечаси Испанияда, “Сан-Мамес” стадионида ўтказилади.

Расман. Ҳусанов “Манчестер Сити”да ойнинг энг яхши футболчиси бўлди

“Манчестер Сити” клубининг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов клубда февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди. 

Манбага кўра, 21 ёшли ҳимоячи февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. У бу борада Йошко Гвардиол ва Эрлинг Холанд каби футболчилардан устун келди. 

Маълумотларга кўра, бир неча кун давом этган сўровномада Абдуқодир Ҳусанов 64 мингдан зиёд овоз тўплаган.

Равшан Ҳайдаровга муҳим вазифа ишониб топширилди

Ўзбекистонлик таниқли мураббий Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, ЎФА мураббийлар кенгаши йиғилишида U-23 терма жамоаси бошқарувига номзод мураббийлар муҳокама қилинган ва ёшлар билан ишлаш бўйича Ўзбекистоннинг энг тажрибали мутахассисларидан бири, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони эгаси Равшан Ҳайдаров номзоди илгари сурилиб, раҳбарият томонидан тасдиқланган. 

Қайд этиш жоиз, 63 ёшли Ҳайдаров бошқарувидаги турли ёшдаги терма жамоалар икки карра Осиё чемпиони бўлган, икки бор Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланган.

“Пахтакор” юлдузли “Ал-Ҳилол”ни таслим этди

4 март куни Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 1/8 финал босқичи илк ўйинида Саудиянинг “Ал-Ҳилол”ини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Учрашувнинг 29-дақиқасида “Пахтакор” сафида ягона голга жамоанинг легионер футболчиси Фламарион муаллифлик қилди. Ушбу голга эса Брайан Риаскос ассист амалга оширди. Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади ва “Пахтакор” илк ўйинда ғалаба қайд этмоқда.

Маълумот ўрнида, ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб ўйини 11 март куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.

“Пахтакор”нинг шов-шувли ғалабасидан кейин ОФК ўз саҳифасига Тошкент ҳақида видео жойлади 

Футбол бўйича Элит Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасида Тошкентда ўтказилган “Пахтакор” ва “Ал-Ҳилол” жамоалари ўртасидаги қизиқарли учрашувдан кейин Осиё футбол конфедерациясининг мусобақаларни ёритиб борувчи расмий YouTube саҳифаси Тошкент ҳақидаги видеони эълон қилди.

Видеода Тошкент тарихидан сўз очувчи мажмуалар, масжид, бозор ва бошқа иншоотларни ҳамда шаҳар ҳаёти ва албатта “Пахтакор” клубининг ўйинларидан тасвирларни кўриш мумкин.

“Тошкент – анъаналар ва амбицияларга эга шаҳар! Шаҳарда чуқур футбол маданиятидан тортиб динамик ҳақиқий шаҳар ҳаётини бошдан кечириш мумкин. Тошкентни чинакам ноёб манзилга айлантирадиган энергия, тарих ва иштиёқ мавжуд”, дейилади видео остида.

Маълумот учун, 4 март куни ЖАР стадиони мезбонлик қилган “Пахтакор” ва “Ал-Ҳилол” ўртасидаги баҳсда “шерлар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Томонлар ўртасидаги жавоб ўйини 12 мартга ўтар кечаси Ар-Риёдда бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг