Сариосиё ҳокими ўринбосари қамалди
3-саҳифа
−
20 Ноябрь 16925 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатида ёзилишича, судланувчи A.Қ. 2020 йил 27 май кунидан 2025 йил 22 сентябрь кунига қадар Сариосиё туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Жорий йилнинг 5 февраль куни у ўзининг хизмат хонасида танишлари Г.С. ва С.Д.ни қабул қилиб, С.Д. ни туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими таркибидаги давлат боғчаларидан бирига туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлим мудири Т.Ў.га топшириқ бериш орқали ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, ушбу ишни ҳал қилиш учун мансабдор шахсга пора беришга далолат қилиб, таниши Г.С. воситачилигида 500 долларни хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, фирибгарлик йўли билан олиб, ушбу пул маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Судда у ўзига қўйилган айбловга қисман иқрор бўлиб, С.Д. пулни қарз сифатида олиб келгани, уни пул эвазига ишга киритишга ваъда бермаганини маълум қилган. У С.Д. турмуш ўртоғининг узоқ қариндоши бўлиши, ўзининг ўғли автоҳалокатга учрагани, автомашинани таъмирлаш учун пул керак бўлиб қолгани учун ундан ушбу пулни олгани ва уни оила аъзолари орқали қайтариб берганини айтган.
Ҳоким ўринбосари ундан “Янги ҳаёт” маҳалласига ишга кириш масаласини сўраган С.Д.га: “Кирсанг бўлади, жой бўшайди, боғча мудираси “декрет”га чиқяпти”, деб айтган.
С.Д. ва Г.С. судда терговдаги кўрсатмасини ўзгартириб, пулни ҳоким ўринбосарига қарз сифатида беришганини, А.Қ. иши бўйича улардан ноқонуний равишда ариза, кўрсатувлар олишганини, тергов органига берган кўрсатувларини ҳозирда рад қилишларини билдириб, кўрсатув берган. Суд эса ушбу икки гувоҳнинг судда берган кўрсатувларини жавобгарликдан қутулиш учун айтилганини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Сариосиё тумани суди томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, А.Қ. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. У 2 йил 1 ой давлат ҳокимияти тизимида мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил 1 ойга қамалди. Ушбу ишга алоқадор бўлган 500 долларни эса С.Д. дан давлат даромадига ундириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди собиқ раиси Юнусжон Эгамбердиев фирибгарлик ва пора бериш жиноятида айбланиб, 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.