Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ маданият ходимларини тақдирлади (видео)
Маданият-санъат
−
01 Июнь 5724 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 майдаги фармони билан маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Бугун, 1 июнь куни пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари тадбирда сўзга чиқиб, мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёт ва санъати билан ҳам белгиланишини таъкидлаган.
“Қайси миллатнинг адабиёти бой, мусиқаси юракка яқин, театри ҳаётий, киноси таъсирчан, санъати жозибадор бўлса, ўша халқнинг овози дунёда баланд эшитилади”, деган Президент.
Ижод аҳлининг фидойи меҳнати туфайли жамиятда миллий руҳ мустаҳкамланаётгани, халқ тафаккури юксалаётгани, ёшлар қалбида эзгулик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғулари чуқур жой олаётгани алоҳида қайд этилган.
Давлат раҳбари соҳанинг 167 нафар илғор вакили юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганини мамнуният билан таъкидлаган. Улар орасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, халқнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирлар, хонанда ва созандалар, рақс усталари, опера ижрочилари ва бастакорлар, театр, кино ва цирк санъати намояндалари, бахшилар ва аскиячилар, ҳунарманд ва рассомлар, маданий мерос, музей ва кутубхона ходимлари, устоз ва мураббийлар борлиги барчамизга фахр бағишлаши эътироф қилинган.
“Шу билан бирга, бугун орамизда бўлмасада, сўзи, куй-қўшиғи, ижоди ва бутун ҳаёти билан халқимиз қалбида мангу яшаб келаётган адабиёт, маданият ва санъат дарғаларининг муқаддас хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг 24 нафари давлат мукофотлари билан вафотидан сўнг тақдирланди”, дейилади хабарда.
Маросимда Президент мукофот соҳибларига фахрий унвонлар, орден ва медалларни тантанали равишда топширган.
Давлат раҳбари мукофотланганларни бутун халқ номидан самимий табриклаб, юксак эътироф уларни янги-янги ижодий ютуқларга илҳомлантиришини ишонч билан таъкидлаган.
Мукофотланганлар юксак ҳурмат ва эътибор, маданият ривожи ва ижодкорларга яратилаётган кенг шароитлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирган.
Live
Барчаси