Шавкат Мирзиёев ифторлик маросимида иштирок этди
Жамият
−
17 Март 34015 8 дақиқа
Бугун, 17 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари уланган. Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашган.

Тадбир аввалида давлат раҳбари бутун Ўзбекистон халқини муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклаган. Шу улуғ айём кунларига барчани тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтилган.
Рамазон ойи – меҳр-оқибат, эзгулик ва савобли амаллар рамзи. Бугунги кунда давлат ва нодавлат ташкилотлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Мусулмонлар идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, шунингдек, саховатли тадбиркорлар томонидан кекса ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар, кўмакка муҳтож инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Тиббиёт бўлинмалари олис ва чекка ҳудудларга чиқиб, аёллар, болалар ва нуронийларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда, оғир беморларни операция йўли билан даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай хайрли ишлар жамиятда инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва умуммиллий бирлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилган.
Давлат раҳбари ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъматлигини, 38 миллиондан зиёд аҳоли ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлик эканини янада чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлаган. Даврада Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашаётгани муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларига, мамлакатнинг очиқлик сиёсатига ҳурмат ифодаси сифатида баҳоланди.

Бу кун халқ учун яна бир тарихий воқеа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими ўтказилаётган кун экани алоҳида таъкидланган.
“Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.
Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин!”, дейди Президент.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда ривожланган давлат ва эркин жамият пойдеворини барпо этиш учун “Энг аввало, илм ва таълим” деган олий мақсад ҳаётга жорий этилмоқда. Зеро, муқаддас ислом дини ҳам инсонни доимо илму маърифатга даъват этади. Шу боис, Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқро!” – “Ўқи!” деган муборак ояти муҳрлаб қўйилгани рамзий ва теран маънога эга экани айтилган.
Марказни барпо этиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган эзгу ташаббус жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган. Лойиҳа шошилинч эмас, чуқур ўйланган, илмий тадқиқот ва изланишлар билан уйғун ҳолда амалга оширилган. Натижада Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида бетакрор архитектурага, чинакам миллий руҳ ва миллий қиёфага эга бўлган шарқона шаҳарча қад ростлади.

Марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва цивилизацияси дурдоналарини ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда халқнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини янада теран англаш мумкин.
“Бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади”, дейди Президент.
Нафақат Ўзбекичтон, балки бутун минтақанинг маънавий мулки бўлган бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида уни Ислом цивилизацияси деган ном остида бирлаштиришга қарор қилингани айтилган.
Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб шаклланаётгани, мамлакат ўзининг қанчалик катта интеллектуал салоҳияти борлигини дунёга намоён эта олгани таъкидланган.
Президент марказнинг кўлами ва имкониятлари ҳақида тўхталиб, ушбу ноёб мажмуа салкам 10 гектар ҳудудда жойлашгани, бинонинг умумий фойдаланиш майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этишини қайд этган. Бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари мавжуд.
Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилиб, ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилган. Хорижий аукцион уйлари, йирик коллекционерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 743 та экспонатнинг асл нусхалари юртимизга келтирилгани таъкидланган.
Марказнинг асосий зали – муқаддас Қуръон залида дунёдаги энг қадимий олтита Қуръони каримдан бири бўлган мўътабар Усмон Мусҳафи ўзининг юксак мақомига муносиб шарафли ўрин топган. Шунингдек, турли даврларга оид нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам шу ерда жамланган.
Қайд этилишича, Ислом цивилизацияси маркази 2025 йилнинг ўзидаёқ минглаб хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотган. Улар орасида қатор давлатлар Президентлари, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, вазирлар, элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари бор. Марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар иштирок этган.
Давлат раҳбари ушбу мажмуани бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчилар, муҳандислар, олиму уламолар, хорижий ҳамкор ва экспертларга, жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзоларига, барча фидойи инсонларга миннатдорлик билдирган. Шунингдек, мазкур йирик ва мураккаб маданий иншоотни қуришда ҳомийлик ёрдамини кўрсатган маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар, маданият ва спорт намояндаларига алоҳида раҳмат айтилган.
“Ислом цивилизацияси марказини барпо этишга киришар эканмиз, мен, дунёнинг қаерида бўлмасин, тарихимизга тегишли бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, битта экспонат бўлса ҳам топиб, юртимизга олиб келишни орзу қилган ва шу вазифани ўртага қўйган эдим. Минг шукрки, бугун ана шу мақсадимизга аста-секин эришяпмиз. Бу ишларни, албатта, давом эттирамиз”, дейди давлат раҳбари.
Жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб қўлёзмаларни аниқлаш ва ўрганиш учун янги халқаро илмий экспедициялар ташкил этилиши таъкидланган. Бу ишларга маҳаллий ва хорижий олимлар, етакчи халқаро илмий марказлар кенг жалб этилади.
Шунингдек, Марказ фаолиятини кенг кўламда йўлга қўйиш мақсадида бу ерда ICESCO, IRCICA, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франциядаги Темурийлар жамияти, TURKSOY каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик асосида офислар ташкил этилгани қайд этилган. Энди улар билан ҳамкорликни янада кучайтириш учун барча зарур шароитлар яратилиши белгиланган.
Марказда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлгани, бу ерда ислом меросини чуқур ўрганиш, диний ходимлар ва имом-хатиблар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланган.
Яқин келажакда БМТ қароргоҳида ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.
Президент марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолият учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлаган. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларда шу ерда ўқиши, ўқитувчи-домлалар эса ўз билими ва малакасини ошириши назарда тутилган.
Энг муҳими, марказ ёшлар орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши кераклиги қайд этилган.
Шу муносабат билан давлат раҳбари олим ва тадқиқотчилар, шоир ва адиблар, диний уламолар, режиссёр ва рассомлар, журналистлар, ижодкор ёшларга мурожаат қилган:
“Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин! Янги Ўзбекистонни тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат диёри сифатида оламга тараннум этсин! Халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарбия ва миллий ғурур мактабига айлансин!” дейди Президент.
Сўзининг якунида давлат раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эл-юрт ва жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қиладиган тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат майдони бўлиб қолишига ишонч билдирган.
Ифторлик маросимида Қуръони каримдан тиловат қилинган. Муқаддас Рамазон ойида тутилаётган рўзалар, қилинаётган ибодатлар қабул бўлиши, Яратган Парвардигор Ўзбекичтон халқини ва ватанни ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилинган.