Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуаси билан танишди

Жамият

image

Бугун, 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, мажмуа давлат раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддиснинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилган. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилган. 

Хусусан, мажмуа қошида туризм маркази очилган. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилган. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Натижада Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.

Мажмуанинг ўзи Самарқанднинг, янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлаган. Унинг майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилган.

Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилган. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони Каримда исми зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Қадамжода 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора унга улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.

Давлат раҳбари туризм маркази ва масжидда яратилган шароитларни кўздан кечирган.

Маълумки, бир ярим минг йиллик ислом тарихини, илм-маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг номларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу кунларда расман очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

“Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, ҳеч шубҳасиз, бизнинг диёримиз биринчилар қаторида тилга олинади. Чунки Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк ҳадисшунос олимлар айнан мана шу замин фарзандларидир”, дейилади хабарда.

Хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобининг биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома 20 дан ортиқ асар ёзган. Улар то ҳануз дину диёнатни мустаҳкамлаш йўлида ислом умматига хизмат қилиб келмоқда.

Президент ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиш жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган. 

“Ушбу бетакрор қурилиш янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланади деб ишонаман. Аминманки, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди”, дейди Президент.

Шунинг учун ҳам Имом Бухорий мажмуасида маънавий-маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш, уни чинакам тарбия ва ибрат мактабига айлантириш, бу ерда имом-хатиблар, маҳалла фаоллари учун малака ошириш дастурларини кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

Бу ердаги барча ишлар якунига етганини ҳисобга олиб, янги қурилган муҳташам масжидда Ҳайит намозини адо этиш таклиф қилинган, бу мўмин-мусулмонлар, бутун эл-юртнинг кўнглидаги иш, халқимизга муносиб Рамазон совғаси бўлади.

Шунинг билан давлат раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр мажмуасига борган эди ва Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Имом Бухорий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг