Штайнмайер Гитлер туфайли 2036 йилги Олимпиадага қарши чиқди

Олам

image

Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мамлакатининг мезбонлик қилиши ғоясини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламади. Бу ҳақда “Дер Spiegel” нашри хабар берди.

Штайнмайер Италияда бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида Германиянинг расмий делегациясига бошчилик қилган. У Олимпиада яна Германияда ўтказилишини қўллаб-қувватлайди, бироқ бу 2036 йилда бўлишини истамайди. 

“Президент 2036 йилни тарихий сабаблар туфайли Германиянинг номзодлиги учун муаммоли деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари Олимпия ўйинлари 2040 ёки 2044 йилда Германияда ўтказилишига умид қилмоқда”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Германиянинг бўлажак номзодлиги атрофидаги муҳокамалар нацистлар Германиясининг 1936 йилги Олимпиадага мезбонлик қилгани билан боғлиқ. Адольф Гитлер режими ушбу тадбирдан тарғибот мақсадида фойдалангани сабабли, замонавий немис сиёсатчилари воқеадан роппа-роса 1 аср ўтиб яна ўйинларга мезбонлик қилиш масаласига танқидий ёндашмоқда.

Берлин, Гамбург, Мюнхен ва Рейн-Рур минтақаси аввалроқ Олимпиадага мезбонлик қилиш истагини билдирган. Германия Олимпия спорт конфедерацияси жорий йил октябрига қадар ягона номзодни аниқлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, Германия ҳукумати 2025 йилда ўйинларнинг 2040 йилда ўтказилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Маълумот учун, 1936 йилдан ташқари Германия ёзги Олимпия ўйинларига фақат бир марта – 1972 йилда Мюнхенда мезбонлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилги Олимпия ўйинларининг биринчи ғолиби эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Олимпиада Штайнмайер Гитлер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг