СИ мия касалликларини даволаш учун дори топишни тезлаштириши мумкин
Бу қизиқ
−
23 Май 1073 2 дақиқа
Сунъий интеллект неврологик касалликларни даволаш учун янги дориларни тезроқ излашда муҳим воситага айланиши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC’да эълон қилинди.
Буюк Британиянинг Эдинбург шаҳридаги Деменцияни тадқиқ қилиш институти тадқиқотчилари беморларнинг овоз ёзувлари, кўз сканерлари ҳамда лабораторияда “етиштирилган” мия ҳужайраларини таҳлил қилиб, мавжуд дориларни қайта қўллаш орқали мотор нейрон касаллиги каби хасталикларни даволаш имкониятларини ўрганмоқда.
Олимлар СИ алгоритмлари ёрдамида касаллик белгиларидаги ўзгаришларни аниқлаб, мос дориларни олдиндан тахмин қилиш орқали самарали даволаш усулларини “ўн йиллар эмас, балки бир неча йил ичида” топиш мумкинлигига умид билдирмоқда.
Мотор нейрон касаллиги билан 10 йилдан бери яшаётган тадқиқот иштирокчиси Стивен Баррет ушбу лойиҳаларни ўзи ва бошқа беморлар учун “умид манбаи” деб атаган. Унинг айтишича, касаллик аста-секин асаб тизимини ишдан чиқаради ва ҳозирча давоси йўқ ҳисобланади.
Тадқиқотчилар Паркинсон, деменция ва мотор нейрон каби касалликларга чалинган беморларнинг маълумотлар базасини ҳам шакллантирмоқда. Шунингдек, лабораторияда беморлардан олинган қон намуналаридан мия ҳужайралари етиштирилиб, мавжуд дорилар роботлар ва СИ тизимлари ёрдамида синовдан ўтказилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ёндашув янги дори ишлаб чиқиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириши мумкин. Аввал дори яратиш 10 йилдан ортиқ вақт олган бўлса, эндиликда СИ бу муддатни қисқартириши кутилмоқда.
Бироқ айрим олимлар альцгеймер касаллигига қарши “ютуқли” деб баҳоланган дорилар ҳам кутилган натижани бермаганини эслатиб ўтмоқда. Шунга қарамай, тадқиқотчилар бу йўналиш тиббиётда катта бурилиш бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект сабаб Meta, Amazon ва Standard Chartered каби йирик компанияларда минглаб иш ўринлари қисқартирилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси