Сиёсий исёнлар, ўзбекларни ўлдирган “қассоблар” ва тилга кирган вазирлик – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
14 Февраль 5287 16 дақиқа
“Роналду” одам ўлдирмоқчи бўлди. Қирғизистон депутати сув учун Ўзбекистондан пул талаб қилди. Туркияда бир эмас икки аёл ваҳшийларча ўлдирилиб, ахлат қутисига ташлангани фош бўлди. 20 га ҳам тўлмаган қизлар наркотик моддалар билан қўлга олинди. Улар айрим нарсаларнинг ичига оғуни тиқиб, яширмоқчи бўлишган. Қирғизистонда сиёсий тебраниш кузатилмоқда. Тарих такрорланиши мумкинми? Шу бошқа воқеаларнинг тўлиқ тафсилоти билан Qalampir.uz студиясида ҳафта таҳлили.
Қирғизистонлик депутат Ўзбекистондан сув учун пул талаб қилди
Қирғизистондаги вазият ҳақида кўп гапирилди. Буни хабарларнинг изоҳлар бўлимига ўзбекистонлик фуқаролар томонидан ёзилган “Бошқаларни ишини бунча кўп муҳокама қилдинглар”, “Нима сизлар қирғиз медиасимисиз?” “Э сизларга нима?” деб ёзган гапларидан ҳам билиш мумкин. Жавобимизни омматан қилиб берамиз. Биринчидан, журналистика макон ёки замон танламайди. Қамров катта бўлиши фақат ютуқ.
Иккинчидан ва энг асосийси, Қирғизистондаги вазият тўғридан тўғри сизга ва бизга, хавфсизлик, иқтисодиёт, чегарадаги тинчлик, сув ва бошқа ресурслар масаласи билан боғлиқ. Оддий мисол, ҳозирда ички бўлиниш ва икки катта шахс атрофида турли жамоа шаклланиши ортидан бўшатишлар, лавозимлардан олишлар кузатилаётган Қирғизистондаги бир депутат Ўзбекистондан сув учун пул талаб қилди.
Қизиқ томони шундаки, Жогорку Кенеш йиғилишида бу норозиликни билдирган шахс – Умбетали Қидиралиев потенциал президент сифатида кўрилгани учун ишдан олингани айтилаётган Ташиевга яқин инсонлардан бири. Боғлиқликни кўряпсиз-а?
Аслида ҳам Ташиев Жапаровдан кўра ўзининг қатъиятли характери билан ажралиб туради. У “дипломатия тили”дан кўра, куч ва тўғридан тўғри босим ўтказиш услубини афзал кўради. Унинг сиёсий имижи “тартиб ўрнатувчи кучли қўл” ғоясига қурилган. Ташиевнинг нутқларида кўпинча қирғизлар манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ва миллий ғурурни бир оз агрессив шаклда намоён қилиш кузатилади.
Шу сабаб унинг чиқишлари бир вақтнинг ўзида икки хил реакция уйғотади. Халқ орасида унинг қатъияти катта рейтинг беради. Халқаро майдонда эса унинг эмоционал нутқлари ва миллатчилик унсурлари бўлган баёнотлари дипломатик доираларда “хавфли кескинлик” сифатида қабул қилинади.
Жапаров фаолиятининг 5 йиллиги муносабати билан тайёрланган ҳужжатли фильмдаги ўзининг интервьюси ҳам гапимизга исбот. У “Кампиробод” сув омборини қуриш борасида Ўзбекистон томони билан кечган мулоқотдан сўнг ишлар бир муддатга тўхтаб қолганини айтган.
Шу ўринда сув учун пул талаб қилиниши қанчалик асосли эканига ҳам қисқа тўхталиб кетамиз. Халқаро ҳуқуқларда “Сув – товар эмас” деган тамойил бор. БМТнинг 1997 йилдаги Трансчегаравий сув оқимлари тўғрисидаги конвенциясига кўра, сувнинг ўзи сотиладиган товар сифатида тан олинмайди.
Юқори оқимда жойлашган давлат, яъни Қирғизистон қуйи оқимдаги давлатларга – Ўзбекистон ва Қозоғистонга сувни тўсиб қўйиш ёки уни пуллаш ҳуқуқига эга эмас. Сувдан фойдаланишда қўшни давлатларнинг ҳаётий манфаатларига зарар етказмаслик мажбурияти ҳам бор. Гарчи халқаро қонунлар сувни сотишни тақиқласа-да, сув иншоотларини сақлаш харажатларини манфаатдор давлатлар биргаликда қоплашини қўллаб-қувватлайди.
Қирғизистон депутати айнан мана шу бандни нотўғри талқин қилган ёки сиёсий “очко” олиш учун, ўзини халқнинг манфаатини ўйловчи депутат сифатида кўрсатиш мақасадида “сотиш” сўзини ишлатгандир, эҳтимол.
Қидиралиев мисол келтирган АҚШ ҳам, Германия ҳам сув учун эмас, аксинча ўзаро келишувга кўра сув омборларининг таъмири ва шунга ўхшаш хизматларгагина тўловни амалга оширади. Қирғиз депутатининг яқин йилларга келибгина муносабатлари яхшиланган қўшниларига нисбатан яна кескин чиқиши ва унинг Ташиев тарафдори экани айрим саволларни келтириб чиқарди.
Қирғизистонда нима бўляпти?
Шу сабаб мавзу очилган пайти “Ўзи Қирғизистонда нима бўляпти?” деган саволга жавоб бериб кетамиз. Охирги кунларда Қирғизистонда Президентнинг ваколат муддати ҳақида саволлар пайдо бўлганди. Яъни, Жапаров 2021 йил январда эски Конституция бўйича 6 йиллик муддатга Президентликка сайланган.
2021 йил охирида қабул қилинган янги Конституцияда эса Президент муддати 5 йилга туширилган. Юристлар янги Конституция бўйича 2026 йил январда муддатидан олдинги Президент сайловлари ўтказиш кераклигини айтган. Энг қизиғи, 75 киши бу ҳақида Президент ва парламент раисига расмий хат юборган.
Улар орасида академиклар, собиқ депутат ва амалдорлар борлигига қараганда ушбу 75 талик кимгадир ишониб, Президентга чақирув ташлаган. Айримлар бунда Ташиевнинг қўли борлиги ҳақида гапирмоқда. Жапаров ва унинг атрофидагилар янги ҳуқуқий бўшлиқ фонида Ташиевда хавф кўрган эҳтимол.
Қолаверса, шу вақтгача ҳокимият курсисига ўтирган раҳбарлар орасида чинакам демократик сайловлар билан келиб, ўз муддати тугагач тинч йўл билан лавозимни топширганлари саноқли. Бу мавзу ҳақида QALAMPIR.UZ батафсил, мисоллар билан “Қирғизистон тинчми? Тарих такрорланадими?” сарлавҳаси остида таҳлил тайёрлаган. Уни томоша қилишингиз мумкин.
Жапаров ва Ташиев тандеми ҳам катта лавозимга келишига 2020 йилги Парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган халқнинг 5 октябрда ғалаён кўтаргани сабаб бўлган. Вазиятдан унумли фойдаланган Ташиев биринчилардан бўлиб майдонга чиқди ва Жапаровни қамоқхонадан озод қилиб, Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида бош вазир деб эълон қилди.
2020 йил 13 октябрь куни ўша пайтдаги президент Сооронбай Жеэнбеков ишончли вакиллар орқали овоз бериш ҳолатлари кузатилгани ва сайловлар адолатли бўлмаганини рўкач қилиб, Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланишини рад этди. Жеэнбеков парламентдан қайта йиғилишни ва номзод учун яна бир бор овоз беришни сўради.
Эртаси куни бу амалга оширилди ва Жапаров яна парламент номинациясида ғолиб чиқди. Халқ ва Жапаров ортида турган кучларнинг босимлари туфайли 15 октябрда, Жеэнбеков ўз ихтиёри билан президентликдан истеъфога чиқди. Натижада Жапаров ўзини президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди. Қирғизистон Конституциясида Олий Кенгаш (Жогорку Кенеш) спикери бу лавозимни эгаллаши кераклиги белгиланган бўлса-да, Канатбек Исаев лавозимни қабул қилишдан бош тортди. Бунинг натижасида Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди. 2020 йил 16 октябрь куни парламент уни Қирғизистон президенти сифатида расман тасдиқлади.
Сўнгги кунларда бошланган машмашалар, мамлакатнинг “иккинчи одами” деб кўрилган Ташиевнинг лавозимдан бўшатилиши ва унинг ортидан бошланган оммавий реакцияларни кўриб, “қора курси” анъанаси яна бошланмоқдами деган савол кўпчиликнинг хаёлига келгани аниқ. Чунки, Ташиевнинг обрўси халқ орасида тобора ошиб бораётган, ҳатто уни келажакдаги президент деб ишонаётганлар ҳам кўп эди. Жорий йил 10 февраль куни эса Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилди.
Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилингани президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди. Ташиев ишдан олинган пайтида Германияда даволанаётгани, бу қарор ўзи учун кутилмаган бўлгани, хайрлашиш учун имкон берилмаганидан хафа эканини айтиб баёнот берди. Буни эса айримлар Жапаровнинг дўстга нисбатан ҳурматсизлиги ва хиёнати сифатида баҳолашди. Бироқ, Жапаров ушбу қийин қарорни қабул қилишдан аввал Ташиевга қўнғироқ қилганини айтди.
“Қарор қабул қилишдан олдин дўстимга қўнғироқ қилиб, бу ердаги вазиятни тушунтирдим, уни лавозимидан озод қилаётганимни айтдим ва шундан сўнг қарор қабул қилдим. Бу тезкор қарор билан, аксинча, дўстимни ҳимоя қилдим деб ўйлайман. Чунки унинг атрофидагилар, уларни “оқсоқол” деймизки, “кўксоқол” деймизки, ҳар ҳолда, дўстимни тўғри йўлдан оздирмоқда эдилар”, деди президент.
Улар Қамчибек Ташиев номини ниқоб қилиб, парламент депутатлари, масъул давлат хизматчилари, шунингдек, жамиятда таниқли шахсларга “Генерал томонига ўтинглар”, дея мурожаат қила бошладилар, дейди Жапаров.
Шу сабаб тизимда ҳам тозалашлар бўлди. Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниел Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
12 февраль куни эса Қирғизистон Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ўз ваколатларини топширди. Бироқ, у Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати бўлиб қолиши аниқ бўлди. У ушбу лавозимни 2022 йилдан буён эгаллаб келаётган эди. Унинг ўрнига Марлен Маматалиев Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери этиб сайланди. Унинг номзодини 77 депутат қўллаб-қувватлаган. Маматалиев спикерлик лавозимига ягона номзод бўлганини ҳам эътироф этиш керак.
Хуллас, қайта қуриш, муҳим лавозимларга янги ишончли вакилларни жойлаш ишлари давом этмоқда. Нима бўлганда ҳам 2020-2026 йиллар Қирғизистон тарихида “Жапаров–Ташиев даври” бўлиб қолади. Улар давлатни парчаланиш ёқасидан олиб чиқиб, вертикал бошқарувни ўрнатишга эришдилар. Аммо садоқатга қурилган сиёсат охир-оқибат ягона ҳокимият қонуниятларига таслим бўлди.
Қирғизистонда “шохлар қирқилаётган” бир пайтда, Озарбайжонда ўн йиллаб тизимнинг архитекторлари бўлган “сиёсий гигантлар”нинг қулаши бошланди. Энди Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан очиқланган шов-шувли жиноят иши тафсилотларига тўхталамиз.
Озарбайжондаги “Кулранг кардинал”нинг қулаши
Озарбайжон сиёсатининг энг нуфузли ва сирли шахси, қарийб 30 йил давомида Президент Администрациясини бошқарган Рамиз Меҳдиевга нисбатан қўйилган айбловлар мамлакатни ларзага келтирди. 87 ёшли ушбу арбоб узоқ вақт давомида Алиевлар сулоласининг энг ишончли одами саналган.
Расмий маълумотларга кўра, Меҳдиев ва унинг атрофидаги гуруҳ, жумладан, собиқ бош вазир ўринбосари Аббос Аббосов давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллаб олиш ва хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорликда давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда. Энг қизиғи, ўта ўнгчи мухолифат етакчиси Али Каримлининг ҳам ушбу фитнага алоқадорлиги айтилмоқда. Бу ҳокимият ичидаги “эски гвардия” ва ташқи мухолифатнинг амалдаги президент Илҳом Алиевга қарши яширин бирлашуви сифатида талқин қилинмоқда.
Қолаверса, Озарбайжон Халқ фронти партияси аъзолари – Фуад Қаҳрамонли, Ғанимат Зайидов ва бошқалар ҳам амалдаги конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш бўйича тил бириктирган.
Таъкидланишича, улар 2013 йилги президент сайловларида хорижий давлат фуқароси Рустам Иброҳимбоев номзодини илгари сурган “Демократик кучлар миллий кенгаши”ни тузгач, хорижий махсус хизматларнинг молиявий ва ташкилий кўмагида оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, жамоат тартиби ва муассасалар фаолиятини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар олиб борган. Бу мақсадлар учун 549 млн 310 минг доллар миқдоридаги маблағ, жумладан, Рамиз Меҳдиев ва Аббос Аббосовдан олинган молиявий воситалар сарфлангани айтилади.
Материалларга илова қилинган техник далилларга кўра, “Миллиардерлар иттифоқи” аъзоларига 2013 йилги сайловлар пайтида хорижда яшаётган ва уларнинг таъсири остидаги Озарбайжон фуқароларини мамлакатга юбориш, уларнинг қариндошларини жалб этиш ва митинг ҳамда тартибсизликларда фойдаланиш бўйича топшириқлар берилган. Шунингдек, “Миллий кенгаш” 2013 йилда тегишли хорижий давлат раҳбариятига махфий мактуб йўллаб, фаолиятини қўллаб-қувватлашни сўрагани ва Озарбайжонга босим ўтказишни таклиф қилгани қайд этилган.
Айбловга кўра, Ғанимат Зайидов 2013 йил бошидан Али Каримли номидан хорижий махсус хизмат вакиллари билан яширин музокаралар олиб борган, Каримлини ҳокимиятга олиб келиш учун ташкилий ёрдам сўраган ва эвазига хорижий давлатнинг стратегик манфаатлари таъминланишини ваъда қилган. Бундан ташқари, Али Каримли 2020 йил июль ойида Бакуда ўтказилган юриш чоғида тартибсизликлар уюштириш, парламент ва телевидение биноларини ҳамда ҳокимиятни эгаллашни эълон қилиш бўйича топшириқлар бергани билдирилган.
Маълумотга кўра, Рамиз Меҳдиев 2025 йил август-сентябрь ойларида “Давлат бошқарув тизимини қайта қуриш бўйича таклифлар” номли ҳужжат тайёрлаб, уни Россия махсус хизмат вакилларига етказган. Бу ҳаракатлар давлатга хиёнат ва конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган деб баҳоланган. Шунингдек, у 2025 йил 13 октябргача бўлган даврда жиноят йўли билан олинган 17 миллион манатдан ортиқ маблағни легаллаштиргани айтилади.
Мазкур иш доирасида бир қатор шахслар Озарбайжон Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилган. Айрим шахслар мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлгани сабабли қидирувга берилган ва суд томонидан сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси танланган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳафта жиноятлари
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистоннинг турли нуқталарида ҳам кўплаб жиноят ишлари очилди. Улардан бирида “Роналду” лақабли шахс бошчилик қилган жиноий гуруҳ тадбиркорни ўлдириш учун киллер ёллагани маълум бўлди. Жорий йилнинг 4 февраль куни Андижон вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан суиқасд режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган.
Натижада таркибида тиббиёт муассасаси раҳбари ва 23 ёшли талаба ҳам бўлган гуруҳ ёлланма қотилга келишилган 1500 АҚШ долларидан 300 минг сўмни бераётган пайтида қўлга олинган.
Фарғона шаҳрида эса бировларнинг 1 млрд 537 млн сўмини ўзлаштирган 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди. Уларга 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган. У Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, Колл-марказ ниқоби остида фаолият юритган.
Улар ахборот технологиялари ёрдамида Россия Федерациясида дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритган.
Кейин, сохта Колл-марказ операторлари асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини айтган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача, тахминан 80-92 млн сўм миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган.
Бунинг учун эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача, бизнинг пулда 800 мингдан 3 млн 200 сўмгача миқдорда солиқ тўлашлари кераклигини айтишган. Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль ёки 1 млрд 537 млн сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб берган.
Мана, шахсий маълумотлар бегоналар қўлига тушиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳа, айтганча Рақамли технологиялар вазирлиги ваниҳоят тилга кирди. 15 млндан кўпроқ ўзбекистонликка алоқадорлиги айтилган хакерлик ҳужумига оид расмий изоҳга кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир жиноятлар тафсилоти бўйича давом этамиз.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида эса 18 ёшли қиз ва 22 ёшли йигит ижара уйини нарколабораторияга айлантирганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, 2007 йилда туғилган қиз ва 2003 йилда туғилган талаба йигит 2025 йил сентябрь ойидан буён Телеграм орқали кураторлар топшириқларига асосан прекурсорларни ташкил қилиш ва синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғулланиб келган.
Ўтказилган тезкор тадбирда уларнинг уйидан 1 килограмм “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда нарколабораторияда фойдаланиш учун зарур бўлган асбоб ва ускуналар далилий ашёлар тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудида геолокацияларга “закладка” усулда тарқатиб келган 9 нафар шахс гиёҳвандлик воситаларини олган вақтида ушланган.
Аниқланишича, уларнинг 3 нафари пойтахтнинг нуфузли олий таълим муассасалари талабалари бўлган. Тушуняпсиз-а, “бугун ота-онаси фарзандим зўр жойда ўқияпти деб ишониб, хотиржам юрганида, келажакда қайсидир лавозимни эгаллаши мумкин бўлганлар қаранг нималар қилиб юришибди”, деб вазиятни бўрттирмоқчи эмасмиз. Аммо хавф даражаси ҳақиқатда катталашяпти. Ҳозирда юқорида саналган барча ҳолатлар бўйича тергов жараёнлари кетмоқда.
Сўнгги пайтларда чиқаётган наркожиноятлар ҳақидаги хабарлардан кейин сизда ҳам “нима бало ҳамма наркоман бўлиб кетганми”, деган саволлар пайдо бўлгандир. Шу мазмундаги сўроққа Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов: “Жиноятлар кўпайгани йўқ, аниқлаш механизми кучайди”, дея жавоб қайтарди, Тошкент шаҳар ИИББ Кинология марказида ўтказилган пресс-тур давомида.
“Наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар сонининг ошиши жиноятчилик кучайганини англатмайди. Аксинча, бу ҳолат мазкур турдаги қонунбузарликни аниқлаш ва фош этиш механизми самарадорлиги ошганидан далолат беради. Агар биз жонимизни жабборга бериб ишламасак, бундай жиноятлар очилмайди, аксинча, кенгайиб кетади. Наркобизнес – бу коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг бир кўриниши. Қўшни давлатлардан наркотик моддаларни олиб кириш, уларни яшириш ва махфий сигналлар орқали тарқатиш ортида уюшган гуруҳлар турибди. Шу боис, ҳар бир фош этилган ҳолат орқали биз жиноятчилик илдизига зарба берамиз”, деди маслаҳатчи.
Жиноятлар гапиришга энг ноқулай бўлган мавзу аслида. Чунки берилган ҳар қандай маълумот акс таъсир қилиши, ҳатто мойиллиги борларга йўналиш бериб қўйиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда йиллар давомида жамиятимизда, айниқса, ёшлар орасида “кўча ҳаёти” ва унинг “авторитетлари”га нисбатан нотўғри, ҳатто хавфли бир ҳурмат шаклланиши кузатилган.
Қонун устувор бўлган давлатда эмас, балки “ўз қонунлари” билан яшашни афзал кўрган шахслар қачонлардир олқишланди, уларга тақлид қилинди. Яқин ўтмишда эса “Пўлат-Пўлат ўйнаш” тренд бўлганди. Аммо бу “сохта қаҳрамонлик”нинг ортида синдирилган тақдирлар, қамоқ панжаралари ва очиқ қолган яралар борлигини кўпчилик кеч англади.
Бугун ўша “тизим”нинг энг ичкарисида бўлган, унинг аччиқ мевасини тотган инсонларнинг ўзи бу йўлнинг нақадар тубсиз жарлик эканини тан олмоқда.
Бир қотиллик изидан очилган иккинчи ваҳшийлик
Мавзудан узоқлашмаган ҳолда Туркиядаги ваҳшийликнинг янги тафсилотларига, шу ҳафтада очиқланган маълумотларга ҳам қисқа изоҳ берамиз. Калласи узиб ташланган, тана аъзолари ҳам кесиб ахлат идишларига улоқтирилган Дурдона Ҳакимова аслида иккинчи қурбон эканлиги, ундан аввал унинг дугонаси ва хонадоши бўлган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева ҳам бурдалаб ўлдирилгани, унинг жасади ҳам бўлакларга ажратилиб, чиқинди қопларида турли жойларга ташлаб кетилгани аниқланди.
Берилган маълумотларга кўра, икки қотил: 31 ёшли Дилшод Турдимуродов ва 29 ёшли Ғофуржон Камолхўжаев ҳамда уларнинг қурбонлари қарийб 1 ой давомида бир уйда яшаган. Жорий йил 22 январь куни марҳумалар ҳамда гумонланувчилар Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган ресторанлардан бирида биргаликда тушлик қилган. Учрашув давомида ўзаро муносабатда бўлган Сайёра ва Ғофур ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро аёл Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлгани учун келиб чиққан.
Бу тортишувдан 1 кун ўтиб, 23 январь куни икки дўст ўзаро тил бириктириб, Сайёра Эргашалиевани ўлдирган. Орадан бир кун ўтиб, марҳуманинг телефонидан Дурдона Ҳакимовага СМС хабар юбориб, уни алдаб чақириб, дугонаси сингари пичоқ тиқиб ўлдириб, ваҳшийликнинг энг чўққисига чиқишган. Қўпол қилиб айтганда, қассоблик қилишган. Иккала танани ҳам майдалаб, елим халталарга жойлаб, оддий чиқиндини ташлагандек турли жойларга отиб кетаверишган.
Бу мавзуда ҳам алоҳида кенгайтирилган таҳлилни тайёрлаганмиз. Уни QALAMPIR.UZ ютуб саҳифасидан “Қассоблар”нинг навбатдаги қурбони сарлавҳаси остида топасиз.
Энди эса юқорида эслатганимиз, 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари сиздирилгани ва Dark Web’га жойлаштирилгани ҳақида тарқалган хабарлар ва унга берилган изоҳга тўхталамиз.
12 февраль куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов матбуот анжуманида мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деди. Унинг айтишича, ваколатли органлар томонидан ўтказилган дастлабки ўрганишлар натижасида 15 миллион эмас, тахминан 60 мингга яқин фуқароларнинг маълумотлари тарқалган.
“Биринчи навбатда, 15 миллион нафар фуқаронинг маълумоти интернетда чиқиб кетди, ҳаммаси сотиляпти деган нарса ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар бўлса, сотиб олинглар-да, мана кўрсатинглар. Иккинчидан, албатта, ҳужум бўлган. Яхши хакер, кучли хакер бўлган. Ҳаракатини қилган, қайсидир тизимга кирган ҳам. Яхши нарса бу, баҳонада бошқа тизимларни ҳам ўрганишга, яна шу нарсага сергакликни ортишига ёрдам беради. Қанчадир миқдордаги қайсидир тизимлардан қанақадир маълумотлар ҳам чиққан”, – деди Шерматов.
Ҳозир эътиборингизни вазирнинг “маълумотларни сотиб олинглар-да, кўрсатинглар”, деган жумласига қаратмоқчиман. Чунки, аввалроқ кучли эканини Шерматов ҳам тан олган хакер маълумотларни қайтариш ва ўчириш эвазига 200 минг евро талаб қилгани айтилганди. Хўш, кимда ортиқча 200 минг евро чиқади ҳозир, сотиб олишга уринамизми? Ҳа, майли. Xурсанд қиладиган хабарлар ҳам бор бу ҳафтада. Мантиқни қийнамаган ҳолда шуларга ўтамиз.
Рамазон ойи яқинлашяпти. Бу муддатда аввал бошқа нархда сотилган айрим маҳсулотлар, масалан, хурмонинг нархи кескин ошиб кетиши афсуски одатга айланган. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистондаги деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев шахсан топшириқ берди, 13 февраль куни.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакат етакчиси маҳаллий автомобилларга талабни рағбатлантириш учун автокредит ставкасини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш бўйича ҳам топшириқ берди.
Табиийки йиғилишда ўтган йилги натижалар сарҳисоб қилинди. Маълумотларга яхшилаб эътибор беринг. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард АҚШ долларидан ошди. Иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобида таъминланган. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад аввал 4,5 минг АҚШ доллари эди, бу рақамлар ҳам 5 АҚШ долларига етгани айтилди. Меҳнат унумдорлиги эса 4,7 фоизга ошган.
Live
Барчаси