“Соҳага адашиб кириб қолган”. ИИОнинг 12 нафар ходими пора билан ушланган
Жамият
−
07 Октябрь 12511 2 дақиқа
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйган 99 нафар ходимлардан 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 3 нафарига “жарима”, 4 нафарига “Қаттиқ ҳайфсан”, 30 нафарига “ҳайфсан” ҳамда 57 нафарига “танбеҳ” интизомий жазолари эълон қилинган. Бу ҳақда бугун, 7 октябрь куни ташкил этилган Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик Кенгаши йиғилишида маълум қилинди.

Шунингдек, таъкидланишича, ўтган вақт мобайнида Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга камайган.
Йиғилишда ички ишлар органлари ходимлари орасида шахсий манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган ходимлар учраб тургани ҳам қайд этилиб, бундай ходимлар “соҳага адашиб кириб қолган” дея таърифланди. Турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноят содир этган ходимларнинг хатти-ҳаракати жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлиб, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига олиб келаётгани таъкидланди.
Хусусан, йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика бўйича 12 нафар ходим пора олгани маълум қилинди. Шунингдек, таъкидланишича, фуқаролар томонидан таклиф қилинган порани олмасдан, пора бериш жиноятини фош этишда шахсий ташаббус кўрсатган 213 нафар ходим рағбатлантирилиб, пора таклиф қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилган.
Соҳавий хизматлар кесимида таҳлил қилинганида эса, энг кўп пора таклиф қилиниши ҳолати йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида 109 та ҳолатда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида 35 та ҳолатда, тезкор-қидирув фаолияти йўналишида 31 та ҳолатда, жазони ижро этиш муассасаларида 14 та ҳолатда, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида 10 та ҳолатда, жиноятларни тергов қилиш фаолиятида 7 та ҳолатда, Транспортда хавфсизликни таъминлаш департаменти фаолияти йўналишида 3 та ҳолатда, Пробация йўналишида 2 та ҳолатда хизмат вазифаларини бажараётган ходимга пора тариқасида пул маблағлари таклиф этилган.
Live
Барчаси