Сохта ходимлар фуқарони 170 минг долларга туширди

3-саҳифа

image

Номаълум шахслар ўзини давлат ходими сифатида таништириб, фуқарони 170 минг долларга чув туширди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хабар берди.

Маълум қилинишича, омбудсманга фуқаро М.П. ўзининг эҳтиётсизлиги ва соддалиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлгани юзасидан мурожаат қилган.

Фуқаро М.П. ўз мурожаатида 2024 йилнинг декабрь ойида ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими деб таништирган шахслар таъсирида криптовалюта орқали 170 минг долларини ўтказиб юборганини билдирган. Шу мақсадда у автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларини йўқотган, ҳатто қарзга кирган.

Фуқаро М.П. 2024 йил декабрида Киберхавфсизлик марказига расмий тарзда мурожаат қилган ва воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Омбудсман шикоятда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

Мурожаат ҳамкорликда ўрганилиши натижасида Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан Криптодўкондан фуқаро М.П. фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилган.

Шу муносабат билан, Омбудсман фуқароларни қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишга чақирган:

  • Ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган, аммо шахсий рақамлар орқали қўнғироқ қилаётган, тўлов ёки маълумот сўраётган шахсларга ишонмаслик;
  • Телефон орқали паспорт ёки ID-карта, пластик карта, PIN-код, SMS-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилмаслик;
  • Ўзингиз танимаган шахслар криптовалюта орқали тўлов қилишга ундаса, бу ҳолатни дарҳол тўхтатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш;
  • Давлат органлари, идора ва ташкилотлар ўз фаолиятини фақат расмий каналлар орқали амалга оширади. Шубҳали ҳолатларда тегишли идоранинг ишончли рақамлари орқали тасдиқ олиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида фуқароларни аэропортга ишга киритмоқчи бўлган қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси қўлга олинганди. У ўнга яқин одамни чув туширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

криптовалюта Киберхавфсизлик омбудсман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг