ССВ: Тиббий маданият шифокорга нисбатан муносабатдан бошланади

Таҳлил

image

Дунёда Яратган томонидан ато этилган иккита касб бор: биринчиси — ўқитувчилик, иккинчиси — шифокорликдир. Ўзининг олижаноб касбига содиқ шифокор ҳар куни барчамизга олий инсонпарварлик мақсадларига холис хизмат қилишнинг ёрқин намунасини кўрсатади. Шунга қарамай, тиббиёт ходимлари билан боғлиқ нохуш вазиятларнинг тез-тез учраётгани, уларни ижтимоий ҳимоялаш баробарида, ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ҳам айни пайтда долзарб вазифа экани такрор ва такрор ойдинлашмоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўзбекистонда яна бир шифокорга таҳдид қилинган видео тарқалди” сарлавҳали материалда акс этган ҳолатни олайлик.

– Тиббий маданиятнинг бирламчи белгиси шифокорга нисбатан муносабатдан бошланади. Минглаб, миллионлаб инсонлар дардига малҳам бўлишга бел боғлаган тиббиёт ходимлари беморнинг қариндошлари томонидан ҳақорат қилиниши, айрим ҳолларда эса, ҳатто, тан жароҳати етказилишини қандай баҳолаш мумкин? Бундан ҳолатлар шифокорлар руҳиятига салбий таъсир қилиши, шунингдек, ёшларнинг ушбу касбга нисбатан қизиқишининг сўнишига сабаб бўлиши мумкин. – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситханова. – Жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу иллатнинг олдини олишни энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зарур чоралар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Аниқланишича, 2019 йил 16 январь куни соат 23:00 ларда Навоий вилояти Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимида шошилинч тиббий ёрдам бўлими навбатчи терапевт шифокори А.Э.га Навбаҳор туман “Арабхона” МФЙда яшовчи фуқаро И.Э 4 ойлик фарзандининг безовта бўлганлиги сабабли навбатсиз кириб келади. Шифокор А.Э. ҳомиладор аёлни тиббий кўрикдан ўтказаётган бўлишига қарамай, боласини кўришини айтади. Ҳақоратли сўзлар билан пўписа қилиб, шифокорга таҳдид қилган ва ҳаттоки урмоқчи бўлган. Шифокор А.Э. педиатр шифокор эмаслиги ҳамда педиатр шифокор бўлимда бошқа, оғир аҳволдаги болани тиббий кўрикдан ўтказаётганини тушунтиришга қарамай, фуқаро И. Э. жанжал қилган ва боласини шифокорларга кўрсатмасдан уйига олиб кетган. Бола бугунги кунда соғлом, режали эмлашларни ўз вақтида олиб келмоқда ҳамда ҳудуд шифокорларининг доимий назоратида турибди. 

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Навбаҳор туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

– Маълумотларга кўра, биргина Ресупублика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган уч ойи давомида 40 дан зиёд тиббиёт ходимларига бемор ва бемор қариндошлари томонидан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган. Уларнинг аксарияти бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тегишли чоралар кўрилган бўлсада, ҳамон етарли чора кўрилмаган  ҳолатлар ҳам мавжуд. Жумладан, Марказнинг Сурхондарё вилоят филиали педиатрия бўлимида шифокор Г.М.ни тиббий ёрдам кўрсатилаётган беморнинг онаси урган. Шунингдек, Хоразм вилоят филиалида 103 чақирувида бемор кўриги вақтида шифокор Т.Қ.ни беморнинг отаси маст ҳолда урган. Ҳар икки ҳолат бўйича тегишли органларга хабар берилган бўлса-да, ҳозирча чора кўрилгани йўқ. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. –  дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. – Афсуски, юқоридаги каби иллатлар йўқолиш ўрнига кўпайишда давом этмоқда. Қувонарлиси, биз ички ишлар, прокуратура идораси ёки суд ходимига нисбатан бундай  тажовуз бўлганини жуда кам эшитамиз. Бунга нима сабаб? Сабаби битта. Қонунни бундай шаклда бузмоқчи бўлган фуқаро қилмиши учун оёғини ерга теккизмай олиб бориб, қамаб қўйишлари мумкинлигини билади. Бу эса бугунги кунда яхши профилактик самара бермоқда. Улар каби жамият ва халққа хизмат қилаётган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилганлик учун кўзда тутилган жиноий жазолар эса бирмунча либерал. Оқибатда эса ҳеч бир айби бўлмаган тиббиёт ходимининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган зарар етказган шахслар ҳам айрим ҳолларда амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетаётганлигини аччиқ алам билан қайд этиб ўтмасдан иложимиз йўқ.

Нима бўлганда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларни ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлардан асраш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида бундан буён ҳам тегишли чораларни кўриб боради. Шифокорларимиздан эса бу каби ҳар қандай нохуш вазият юзага келиб қолганда кечиктирмасдан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этишларини сўраб қоламиз.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг