ССВ ўзбекистонликларни сохта косметологлардан огоҳлантирди
Саломатлик
−
26 Август 3937 3 дақиқа
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ёки айрим гўзаллик салонлари пешлавҳаларида аёллар сартарошхонаси, маникюр-педикюр хизматлари рўйхатида косметолог муолажалари билан боғлиқ эълонлар ҳам борлиги тез-тез кузатилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу сохта косметологлар хизмати бўйича огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, терини ортиқча ёғлардан тозалаш, пилинг, юз массажи, лазерли эпиляция, ботокс, мезотерапия каби муолажа турларини таклиф этаётган бундай “ишбилармон”лар хизматидан фойдаланаётганлар кам эмас. Шунингдек, сўнгги пайтларда хотин-қизлар юз қисмида ўтказилган айрим амалиётлар нохуш ҳолатларга олиб келаётгани билан боғлиқ мурожаатлар кўпайган.
“Юздаги нуқсонларни бартараф этаман деб косметолог ҳузурига борган, бироқ тузалиш ўрнига кутилмаган муаммони орттириб олган аёлларнинг ижтимоий тармоқлардаги эътирозли чиқишлари ҳам кузатиляпти. Хўш, ушбу мурожаатлар қанчалик асосли? Ҳақиқий вазият қандай?”, дея савол қўйган ССВ.
Таҳлилларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 147 та нодавлат тиббиёт ташкилоти тиббий косметология ихтисослиги бўйича фаолият юритиш учун лицензия олган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич – Тошкент шаҳрида, яъни 94 та. Уларнинг сафига оддий гўзаллик салонлари ҳамда тиббиёт ташкилоти мақомига эга бўлмаган косметология муассасаларини ҳам қўшиб ҳисобланса, бу миқдор янада ортади.
“Албатта, опа-сингилларимизга гўзаллик ва саломатлик хизматларини кўрсатувчи бундай муассасаларнинг кўпайиши қувонарли ҳол. Аммо косметология муолажалари — шифокор томонидан ўтказиладиган, лицензияланадиган фаолият тури! Шунга қарамай, баъзи гўзаллик салонлари, хусусий клиникалар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бораётгани ачинарлидир”, дейилади хабарда.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, тиббий косметология ихтисослиги бўйича тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятида юқоридаги келтирилгани сингари нохуш ҳолатлар учрамаган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушаётган мурожаатлар асосан лицензия ва дипломсиз фаолият олиб бориш оқибатида келиб чиққан асоратлар ҳамда ножўя таъсирларга дахлдор. Сабаби, лицензиясиз ишлаш – сертификатланмаган маҳсулот ва тиббий анжомларни қўллаш, физиология ҳамда анатомия асосларини билмасликни англатади.
“Оддий гўзаллик салонлари ёки тиббиёт ташкилоти ҳисобланмайдиган турли косметология марказларида тегишли маълумотга эга бўлмаган шахслар тиббий косметология билан шуғулланаётгани бу муаммоларнинг бош омилидир”, дейди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Собиров.
Собировга кўра, улар тегишли ҳужжатлар асосида косметология хизматини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобдан ўтиб, фаолият олиб бораётган фуқаролар. Ушбу косметологлар шифокор бўлмагани учун улар фаолиятини назорат қилиш соғлиқни сақлаш органларининг ваколатида эмас.
Шу боис, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғридаги низом ва уни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ ишлаб чиқилган. Бу ҳужжат асосида давлат тиббиёт муассасалари томонидан алоҳида тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби ҳамда шифокор-косметологларга қўйилган талаблар белгиланган.
Айни пайтдаги мавжуд ҳолат ва фуқаролардан бўлаётган мурожаатларни эътиборга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий косметология хизматидан фойдаланмоқчи бўлганлардан, албатта, тегишли давлат тиббиёт муассасаси ёки шу ихтисослик бўйича тиббий фаолиятга лицензия олган нодавлат тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни сохта табибларга алданиб қолишдан огоҳлантирганди.