Таиланд туристлар учун визасиз қолиш муддатини қисқартирди

Олам

image

Бугун, 19 май куни Таиланд Вазирлар Маҳкамаси бундан икки йил аввал қабул қилинган, дунёнинг 93 та давлати фуқаролари учун мўлжалланган 60 кунлик визасиз дастурни бекор қилишни маъқуллади. Бу ҳақда Thai PBS World хабар берди.

Таиланд Туризм ва спорт вазири Сурасак Фанчароенворакулнинг маълум қилишича, мамлакат Вазирлар Маҳкамаси дунёнинг 93 та давлати фуқаролари учун 60 кунлик визасиз дастурни бекор қилиш қарорини маъқуллаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу чора визасиз режимнинг бир нечта туридан фойдаланадиган давлатлар учун амал қилган махсус шартларни ҳам бекор қилади.

Туризм вазири Таиланд аввалги 30 кунлик визасиз кириш тизимига қайтишини билдирган. Унинг қўшимча қилишича, Виза сиёсати бўйича қўмита хавфсизлик ва иқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир давлат учун энг муносиб виза турини белгилаш мақсадида виза қоидаларини қайта кўриб чиқади.

Олдиндан 60 кунлик визасиз кириш имкониятидан маҳрум бўлган барча давлатлар ўзларининг аввалги виза қоидаларига қайтади, уларнинг аксарияти мамлакатда 30 кун давомида бўлишга рухсат беради.

Вазир, шунингдек, ҳукумат шунчаки ташриф буюрувчилар сонини оширишга эмас, балки мамлакатга “сифатли туристлар”ни жалб қилишга эътибор қаратмоқчи эканлигини қайд этган.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Таиланд сайёҳлар учун визасиз бўлиш муддатини 30 кунгача қисқартириш ниятида эканлиги маълум бўлган эди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ушбу муддат чет элликлар томонидан мавжуд тизимдаги бўшлиқлардан туризмдан ташқари мақсадларда суиистеъмол қилиш ҳолатларини камайтириш учун қисқартирилаётганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

виза турист Таиланд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг