Таиландда 2 нафар уйғур ўлимга ҳукм қилинди

Олам

image

Таиланд суди 2015 йилда Бангкок марказида содир этилган ва 20 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлаш бўйича икки уйғур миллатига мансуб эркакни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда суд баёнотига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукм бугун, 11 июнь куни этник уйғурлар – Адем Қарадағ ва Юсуф Миралига нисбатан чиқарилган. Портлаш Бангкок марказидаги машҳур Эраван зиёратгоҳи ҳудудида содир бўлган бўлиб, ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, яна 120 киши жароҳатланган. Қурбонлар орасида Хитойдан беш нафар ва Гонконгдан икки нафар фуқаро бўлган.

Суд баёнотида айтилишича, айбланувчиларнинг ҳаракатлари бир нечта алоҳида жиноят таркибини ташкил этган. Улар олдиндан режалаштирилган қотилликда айбдор деб топилган ва бу модда бўйича ўлим жазоси тайинланган.

Нашрга кўра, Адем Қарадағ ва Юсуф Мирали илгари ҳам ўзларига қўйилган барча айбловларни рад этган. Уларнинг адвокати Чамроен Паномпакакорн ҳукм устидан шикоят қилинишини маълум қилган.

“Қўрқманглар, яна учта суд инстанцияси бор”, дейди у.

Иккинчи адвокат Чучат Канпай эса суд ҳимоя томони келтирган бир қатор муҳим далилларни инобатга олмаганини айтган ва апелляция шикояти бериш муддатини узайтиришни сўрашини билдирган. Таиланд қонунчилигига кўра, ҳукм устидан бир ой ичида шикоят қилиш мумкин.

Ишнинг судга етиб боришига ўн йилдан ортиқ вақт кетган. Прокурорлар юзлаб гувоҳлардан далил тўплаган, шунингдек, гумонланувчилар учун муносиб таржимон топишда ҳам қийинчиликларга дуч келган.

Нашрнинг ёзишича, 2015 йилги теракт учун ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бироқ хавфсизлик бўйича мутахассислар бу ҳужумни Таиланд томонидан бир ой аввал 100 дан ортиқ уйғурни мажбурий равишда Хитойга депортация қилишга жавоб сифатида баҳолаб келади. Хитой эса Шинжон ҳудудидаги диний ва маданий эркинликларга нисбатан қаттиқ чекловлар қўллаётгани учун халқаро танқидларга учраб келади. Уйғурларнинг асосий қисми айнан шу ҳудудда яшайди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Линь Цзянь суд қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган.

“Жиноятчилар ўта шафқатсиз ҳаракат қилган ва ўта оғир жиноят содир этган”, дейди у.

Маълумот ўрнида, ўтган йили Таиланд яна 40 нафар уйғурни Хитойга депортация қилган. Бу қарор БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларининг чақириқларига қарамай қабул қилинган. Экспертлар улар Хитойга қайтарилган тақдирда қийноқлар, ёмон муносабат ва “тузатиб бўлмас зарар” хавфига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Олий ҳарбий суд собиқ мудофаа вазирлари Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфуларни 2 йиллик синов муддати билан шартли ўлим жазосига ҳукм қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

портлаш ўлим жазоси Таиланд уйғур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг