Таксичилар хоҳлаган ҳудудида фаолият юритади – Транспорт вазирлиги
Жамият
−
13 Июнь 7191 2 дақиқа
Такси ҳайдовчисининг автомобили қайси ҳудудда рўйхатдан ўтганидан қатъи назар ўзи хоҳлаган ҳудудда фаолият юрита олади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, бу борада жорий йилнинг 2 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 200-сон қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, йўналишсиз такси фаолиятини лицензиялаш транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган ҳудуддан қатъи назар, такси ҳайдовчисининг танловига кўра лицензия талабномасида кўрсатган ўзини-ўзи банд қилиш ҳудуди бўйича амалга оширилади.
Яъни такси ҳайдовчисининг автомобили қайси ҳудудда рўйхатдан ўтганидан қатъи назар ўзи хоҳлаган ҳудудда фаолият юрита олади. Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси дастлаб ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтади ва бунда такси фаолиятини амалга ошириш ҳудудини ўзи танлайди. Шундан сўнг, лицензия олиш учун композит ариза топширади.
Шу билан бирга, йўналишсиз такси лицензия варақасида кўрсатилган (ўзи танлаган) ҳудудда ва ёндош ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) фаолият кўрсатиши лозим.
Яъни чеклов лицензияда кўрсатиладиган ҳудуд учун ўрнатилган. Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси ўзи танлаган Тошкент шаҳрида фаолият юритиши учун лицензия олганидан сўнг фаолиятини Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилоятида олиб боришига рухсат этилади.
Қолаверса, автомобилнинг давлат рақами қайси ҳудудга оид бўлса, лицензия фақат айнан шу ҳудуд учун берилиши лицензия талаб ва шарти ҳисобланмайди. Яъни автомобилнинг бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтказилгани лицензия беришни рад этиш учун асос бўлмайди.
Қайд этилишича, ушбу қарор кучга киргандан сўнг, бугунги кунга қадар республика бўйича ўзини-ўзи банд қилган 5196 нафар шахсларга автотранспорт воситаси қайд этилган ҳудуддан бошқа ҳудудларда фаолият кўрсатиш бўйича лицензия варақаси берилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июнь куни Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов АОКАда бўлиб ўтган учрашувда вилоятдан келган таксичилар Тошкент шаҳрида таксичилик қила олиши, бироқ бунинг учун улар лицензияга эга бўлиши, фаолият манзили сифатида эса Тошкентни кўрсатиши кераклиги ҳақида гапирганди.
Live
Барчаси