Тбилисида намойишчилар полиция билан тўқнашди

Олам

image

Бугун, 29 апрелга ўтар кечаси Грузия пойтахти Тбилисида парламент биноси ёнида Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунининг ўхшаши бўлган “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қарши яна намойиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Рустави 2” телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, 28 апрель оқшомида акция Республика майдонида бошланган, у ерда 20 мингга яқин одам — Грузия нодавлат ташкилотлари, мухолифат партиялари аъзолари ва уларнинг позициясини қўллаб-қувватлаган фуқаролар йиғилган. Парламент биноси яқинидаги ҳудуд Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини ушлаб турган намойишчилар билан тўлган.

Маълум бўлишича, бугун, 29 апрель куни ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси қонунни қўллаб-қувватловчи митинг ўтказишни режалаштирган ва шу мақсадда Грузия пойтахтининг марказий кўчаси Руставели проспектида саҳна тайёрлаган.

Грузия Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида одамларни қонун билан рухсат этилган йиғилишлар эркинлиги чегарасидан чиқмасликка ва парламент олдида ўрнатилган саҳнани бузмасликка чақирган баёнот эълон қилди.

“Ҳар қандай қонунбузарлик полиция томонидан дарҳол бостирилади”, дейилади баёнотда.

Бироқ минглаб одамларнинг намойишида вазият кескинлашди. Бир неча юз нафар полициячи таёқ ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланиб, намойишчиларни ҳибсга олишни бошлади.

“Расмийлар бу ерга қўшимча махсус кучлар ва полиция кучларини жойлаштирмоқчи. Намойишчиларни парламент биноси ёнидаги кўчалардан итариб юборган махсус кучлар тўхтади ва Руставели проспектига сув реактив машинаси келтирилди”, деб ёзади маҳаллий матбуот.

Қайд этиш жоизки, сўнгги бир неча кун ичида Грузияда мухолифат кучлари парламент томонидан “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказиб, уни Грузия парламентидан чиқариб олишни талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқи ҳам Грузия ҳукуматини “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. Хусусан, инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич 23 апрель куни бўлиб ўтган дебатлар чоғида Европарламент минбарида бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ эканини айтди.

“Агар у қабул қилинса, Грузиянинг келажакдаги Европа йўлини хавф остига қўяди”, дейди Европа комиссари.

Маълумот учун, Грузия парламенти қонун лойиҳасини 17 апрель куни биринчи ўқишда қабул қилди. "Чет эл агентлари" қонунининг Грузия версиясига кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг хорижий манфаатдор ташкилотлар сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Тбилиси хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made