“Толибон” хавфсизлик учун Афғонистон бюджетининг ярмини ишлатди
Олам
−
24 Ноябрь 3342 2 дақиқа
“Толибон” 2025 йилда Афғонистон умумий бюджетининг 49 фоизини хавфсизлик учун сарфлади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг янги ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботга кўра, 2021 йилнинг дастлабки етти ойида Афғонистонда жами харажатлар 18,5 фоизга ошиб, 155,7 миллиард афғонийни ташкил этган, шундан 75,6 миллиардга яқини хавфсизлик масалаларига сарфланган. Бу эса шу даврдаги жами давлат харажатларининг 49 фоизига тенг.
Жаҳон банки ўз ҳисоботининг яна бир қисмида Афғонистон иқтисодиётини заиф деб атаган. Ҳисоботда ёзилишича, зилзилалар, қурғоқчилик, қочқинларнинг қайтиши ва телекоммуникация хизматларидаги узилишлар мамлакатнинг заифлик даражасини оширган.
“Толибон” маъмуриятининг 2025 йилдаги ички даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга ошган.
Покистон билан чегара ёпилганига қарамай, Афғонистон экспорти жорий йилнинг октябрь ойида ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 13 фоизга, ўтган йилнинг бутун бир даврига нисбатан эса 3,7 фоизга ошган. Афғонистоннинг бу даврда экспорти 267 миллион долларга етган. Ўсишга Афғонистоннинг Ҳиндистон ва Ўзбекистонга экспорти сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ҳисоботнинг бир қисмида шундай дейилган: “Чегарадаги можаролар туфайли Покистон билан савдо алоқалари тўхтатилганига қарамай, Ҳиндистон ва Ўзбекистонга экспорт муваффақиятли амалга оширилди”.
Ҳосилнинг энг юқори мавсуми ва нисбатан паст ички инфляция рақобатбардошликни янада кучайтирган ва Покистон йўналишидаги йўқотишларни қоплашга ёрдам берган.
Октябрь ойида озиқ-овқат экспорти 238,4 миллион долларга етгани айтилди, бу ўтган йилга нисбатан 8,6 фоизга ўсди, бу кучли минтақавий талабни акс эттиради.
Покистон ва “Толибон” ўртасидаги сўнгги тўқнашувлардан сўнг Исломобод ўтиш жойларини ёпиб қўйди, икки давлат ўртасидаги савдо ва транзит бир ойдан кўпроқ вақтга тўхтатилди.
Покистон Афғонистон билан савдо йўлларини қайта очиш учун дастлабки шартларни қўйган, “Толибон” эса Покистон билан ўтиш йўлларининг ёпилиши Афғонистондаги савдога салбий таъсир кўрсатмаганини таъкидлаган.
“Толибон” молия вазирлиги Афғонистоннинг минтақа ва дунёдаги қўшни давлатлар билан савдоси нормал ва ҳеч қандай муаммосиз давом этаётганини эълон қилди. Ҳаракатнинг иқтисод бўйича бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар афғон тадбиркорларини савдо ва транзит учун муқобил йўлларни излашга чақирган.
Покистон расмийлари чегараларнинг ёпилишига сабаб сифатида хавфсизлик хавотирларини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати молия вазирлиги Жаҳон банки Афғонистондаги офисини қайта очгани ва фаолиятини тиклаганини эълон қилди. Жаҳон банки бу борада ҳали расмий изоҳ бермаган, бироқ “Толибон”га кўра, ушбу ташкилот 45 миллион доллар миқдоридаги пудрат компанияларининг қарзларини тўлашга тайёр.
Live
Барчаси