Тошкент дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилади
Жамият
−
19:21 1051 2 дақиқа
Тошкент шаҳри дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
“Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак”, деди давлат раҳбари.
Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган.
Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.
Пойтахтнинг барча коммунал ташкилотлари ва фавқулодда хизматлар тун-у кун ишлашга ўтиб, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тезлик билан бартараф этиш билан шуғулланиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, уч ойда пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. 2026 йил 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилади. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.
2026 йилда шаҳарда 18,5 километр канал қирғоқлари мустаҳкамланади. Бу жойларда ҳам яшил ҳудудлар ва сайилгоҳлар ташкил қилишни ҳозирдан ўйлаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Бектемир, Сергели ва Янгиҳаётдан ўтган Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар очилади. Бу ерларда ҳам 200 гектарда “яшил белбоғ”, 250 гектарда ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
“Глобал шаҳарлар индекси” рейтингида Тошкент шаҳри дунёдаги 1 мингта шаҳар орасида 471-ўринни эгаллаган. Мутасаддиларга ушбу рейтингда Тошкентни экологияси барқарор 300 та шаҳар қаторига олиб чиқиш бўйича тинимсиз шуғулланиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Live
Барчаси